Ақийқада сўйиладиган жонлиқнинг адади

Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари учун биттадан қўй сўйганликлари ва ўғил фарзандга икки қўй сўйилиши ҳақидаги хадисларни ўқидим. Саволим ўғил фарзандга имкониятига қараб бир ёки иккита қўй сўйиладими ёки бир қўчқор бўлмаса икки совлиқ қўй сўйиладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Битта сўйиш ҳам иккита сўйиш ҳам келган. Қодир бўлсангиз 2та сўйинг. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  عَقَّ عَنِ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا كَبْشًا كَبْشًا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: عَقَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ   عَنِ الْحَسَنِ بِشَاةٍ وَقَالَ: يَا فَاطِمَةُ، احْلِقِي رَأْسَهُ وَتَصَدَّقِي بِزِنَةِ شَعَرِهِ فِضَّةً، فَوَزَنَّاهُ فَكَانَ وَزْنُهُ دِرْهَمًا أَوْ بَعْضَ دِرْهَمٍ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб, ақийқа қилдилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
 Термизийнинг лафзида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасанга бир қўй сўйиб, ақийқа қилдилар ва:
«Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин», дедилар. Бас, тортсак, унинг вазни бир дирҳам ёки дирҳамнинг баъзисича чиқди»
, дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан ўғил болага, албатта, иккита қўй сўйиб, ақийқа қилиш шарт эмаслиги, битта қўй сўйса ҳам бўлавериши келиб чиқмоқда. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз набираларига биттадан қўчқор сўйганлари шуни кўрсатади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз қизларига хитоб қилиб:
«Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин» дейишларидан бунга ўхшаш ишларни оналар қилишлари афзаллиги англашилади.
Боланинг сочи вазнида кумуш садақа қилиш мустаҳаб амал бўлиб, боланинг яхши ўсиши учун қилинган яхши ниятнинг белгисидир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 02:48 | Савол-жавоблар | 159 | Бола тарбияси
|
Boshqa savol-javoblar