Кредит ва бахолаш фаолияти

Ассалому алайкум! Биз бахолаш фирмасида ишлаймиз. Бунда кўпроқ мижозларнинг мулклари яъни бино ва автомашинари бахолаб берилади. Ва мижоз бу бахоланган хисоботни банкка тақдим қилиб кредит олади. Бунда биз рибога шерик бўлиб қоламизми? Биз фақат мулк қийматини аниқлаб берамиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Айнан кредитга алоқаси бўлган хизматларни қилманг. Акс ҳолда рибонинг котиби бўлиб қоласиз.عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ آكِلَ الرِّبَا وَمُؤْكِلَهُ وَكَاتِبَهُ وَشَاهِدَيْهِ وَقَالَ: هُمْ سَوَاءٌ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва «Улар (гуноҳда) баробардирлар», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан рибонинг қанчалар ёмон нарса эканлигини яна ҳам аниқроқ тушуниб оламиз. Унга аралашган ҳар бир киши Аллоҳнинг лаънатига қолиши турган гап. Улар:
1. «Рибохўр»
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани еган одам албатта, Тангри таолонинг лаънатига қолиши табиий бир ҳол.
2. «Унинг едирувчиси»
Рибо берувчи ҳам Аллоҳнинг лаънатига қолади. Чунки у молиявий муомалани ҳаром қилинган йўл билан амалга оширди. Ҳолбуки, ҳалол йўл билан тасарруф қилиши керак эди.
3. «Котиби»
Яъни, рибо муомаласини ёзиб, ҳужжатлаштирган киши. Чунки у Аллоҳ ҳаром қилган ишга хизмат қилди ва ҳаром ишнинг юришига ҳисса қўшди.
4. «Икки шоҳидни»
Рибо муомаласига шоҳид бўлиб турган одам ҳам гуноҳкордир. Чунки у ҳам ҳаром иш учун хизмат қилди, унинг ривожига ҳисса қўшди. Бу ишга гувоҳ бўлишга рози бўлганлиги ана шу ҳаром ишни тан олганининг аломатидир.
Исломда ушбу ёрдамчи ишларни қилувчилар ҳам асосий айбдорларга тенглаштирилиши бежиз эмас. Ҳар бир жамиятда бирор ёмон ишнинг тарқалишига асосий айбдор билан бирга, ёрдамчи айбдорлар ҳам баробар ҳисса қўшадилар.
Баъзи ҳолларда ишнинг юзага чиқишига айнан ўша ёрдамчилар сабаб бўладилар. Фараз қилайлик, гуноҳ ишга ёрдамчи бўлишдан ҳамма баробар бош тортиб, туриб олса, ушбу ҳаром иш ўша жамиятда кенг тарқалиши мумкинми?! Албатта, йўқ! Шунинг учун ҳам ҳаром ишларга умуман яқинлашиш керак эмас.
Бирор сабабга кўра аралашиб қолганлар бўлса, дарҳол тавба қилиб, ўзларини четга олишлари лозим. Ҳадиси шарифда «улар баробардирлар» дейилиши бежиз эмас. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 08:59 | Савол-жавоблар | 178 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar