Саломлашишнинг ҳукми

Ассалому алайкум! Саломга алик олиш қандай амал далиллар билан келтириб ўта оласизми? Бир киши суннат деса бир киши фарз дейди, аслида алик олиш қандай амал?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! “Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَمْسٌ تَجِبُ عَلَى الْمُسْلِمِ لِأَخِيهِ: رَدُّ السَّلَامِ، وَتَشْمِيتُ الْعَاطِسِ، وَإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ، وَعِيَادَةُ الْمَرِيضِ، وَاتِّبَاعُ الْجَنَائِزِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмоннинг зиммасига ўз биродари учун беш нарса вожиб бўлади: саломга алик олиш, акса урганга соғлик тилаш, таклифни қабул қилиш, беморни кўриш ва жанозага эргашиш», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалардан ҳозир биз учун кераги саломга алик олишдир. Қолганлари ўз ўрнида келган.
Бир мусулмон салом берса, иккинчи мусулмонга унинг саломига алик олиш вожиб бўлар экан. Саломга алик олмаган киши вожиб амални тарк қилган шахс сифатида гуноҳкор бўлади. Салом бериш суннат, алик олиш вожибдир. Чунки саломга алик олинмаса, орада адоват, уруш-жанжал ва мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқади. Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 13:42 | Савол-жавоблар | 247 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar