Имтихонда шпаргалка ишлатганни айтиб бериш

Ассалому алайкум! Яқинда Давлат Имтихонлари бошланади. Менга ўқитувчиларим танишларим имтихон куни кимнидир шпаргалка ёки шунга ўхшаш нарсалардан фойдаланаётганини кўрсанг назоратчиларга айтиб бер дейишяпти. Лекин мусулмон киши бошқаларни айбини беркитиши лозим. Уни ман сотиб берсам, 1-дан сотқинлик хам мусулмонлик одобига тўғри келмайди. Сотиб берсам табиийки имтихондан йиқилади. Уни имтихондан ўтишини кутиб турган яқинлари хам хафа бўлади. Балким унга олий таълим муассасасига кириши меникидан хам мухимдир... Мен бундай вазиятда қандай йўл тутишим керак?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Мусулмон киши бошқаларни айбини беркитиши керак бўлганидек, мункар ишни кўрса ундан қайтариши ҳам керак. Сотқинлик мусулмонлик одобига тўғри келмаганидек, алдамчилик ҳам тўғри келмайди. Боласини имтиҳондан ўтишини кутиб турган яқинлари боласини ўқитиб, имтиҳонга тайёргарлик ҳам қилдириши керак. Унга олий таълим муассасига кириш сиздан ҳам муҳимроқ бўлса, у ҳам сиздан кўра яхшироқ ўқиши керак. Аввало киши мункар ишни кўрса, унда қайтариши керак. عَنْ طَارِقِ بْنِ شِهَابٍ - وَهَذَا حَدِيثُ أَبِي بَكْرٍ - قَالَ: أَوَّلُ مَنْ بَدَأَ بِالْخُطْبَةِ، يَوْمَ الْعِيدِ قَبْلَ الصَّلَاةِ، مَرْوَانُ، فَقَامَ إِلَيْهِ رَجُلٌ فَقَالَ: الصَّلَاةُ قَبْلَ الْخُطْبَةِ، فَقَالَ: قَدْ تُرِكَ مَا هُنَالِكَ، فَقَالَ أَبُو سَعِيدٍ: أَمَّا هَذَا فَقَدْ قَضَى مَا عَلَيْهِ، سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:  مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيْمَانِ Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:
«Ҳайит куни намоздан олдин хутба айтишни биринчи бўлиб бошлаган киши Марвондир. Бир киши туриб, у томон бориб, «Намоз хутбадан олдин-ку?» деган эди, у: «У пайтдаги нарса тарк қилинган», деди. Абу Саъид айтди: «Бу киши ўз зиммасидаги нарсани адо этди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким бир мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бундай қила олмаса, тили билан, буни ҳам қила олмаса, қалби билан (норози бўлсин). Лекин бу иймоннинг энг заифидир». 
«Саҳиҳи Муслим» китобидан.
Шпаргалка ишлатиб алдамчилик қилиш шак-шубҳасиз мункар иш ҳисобланади. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَرَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى صُبْرَةِ طَعَامٍ، فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا، فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلًا، فَقَالَ: مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ؟» قَالَ: أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «أَفَلَا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ؟ مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бозорда) бир уюм егулик (дон ёки хурмо) ёнидан ўтиб қолиб, унга қўлларини тиққан эдилар, бармоқлари намликка тегди. Кейин: «Бу нимаси, эй егуликнинг эгаси?» деган эдилар, у: «Ёмғир тегибди, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот: «Одамлар кўрсин деб ўша жойини егуликнинг тепасига қўймабсан-да? Ким алдамчилик қилса, мендан эмас!» дедилар». 
«Саҳиҳи Муслим» китобидан.
Шундай бўлганидан кейин кимдир ўша шпаргалкага ўхшаган нарсадан фойдаланаётганини кўрсангиз, бу гуноҳ эканлигини айтиб огоҳлантириб қўйинг. Агар хулоса чиқармаса, мутасаддиларга хабар бериб қўйинг. Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 18:46 | Савол-жавоблар | 145 | Бола тарбияси
|
Boshqa savol-javoblar