Аёлларга ҳам жаннатда хушхабар борми

Ассалому алайкум! Эркаклар масжидга борадилар намозларини ўз вақтида ўқишга имкониятлари етарли. Ҳатто йўлда сафарда бўлсалар ҳам йўл четида намоз ўқишлари мумкин. Аёлларчи? Биласиз жамики уй юмушлари аёллар зиммасида: овқат қилиш кир ювиш идишларни ювиш уй ва ҳовлини озода сақлаш бўлаларни катта қилишдан тортиб уларнинг дарсларига кўмаклашиш ҳам аёлларнинг иши. Булардан ортиб 5 маҳал намозни адо этишнинг ўзи осонмас. Камига ҳозирда кўпчилик аёлларимиз ишлашади шу жумладан мен ҳам. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман шу туфайли кўп намозларим қазо бўлади. Буларни ўйлаб қийналаман. Гоҳида кечқурун қаттиқ чарчаганимдан хуфтонни зўрға ўқийман(астағфируллоҳ Оллоҳим мени кечирсин). Саволим шуки эркакларга жаннатда ҳурлар тайёрлаб қўйилганию жаноза ва масжидда ўқилган намозлари учун улкан савоблар борлиги ҳақида ҳадислардан хабарим бор. Ва ҳатто яқинда истиғфор айтишда аёлларга 1000та савоб бор экану эркакларга 2000та савоб экан. Аёлларга жаннатда нима мукофот бор шуууунча машаққатлари учун? Бу ҳақида бизга ҳам қандайдир ҳушхабар борми азиз устозлар?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Охиратдаги мукофотлар дунёдаги машаққатга қараб бўлади. Аллоҳ таоло мукаммал адолатли Зотдир. Зарранинг мисқолича зулм қилмайди. Чеккан ҳамма машаққатларингизга муносиб мукофотларни беради. Шунинг учун У Зотнинг айфтганларига амал қилишга ҳаракат қилинг. Қайтарганларидан тийилинг. Шунда ўша мукофотларга сазавор бўласиз. Истиғфор айтишда эркаклар аёллардан икки баробар кўп савоб олишлари ҳақидаги гап тўғри эмас. Албатта хушхабарлар борда. "Тафсири Ҳилол" китоби “Воқеъа” сураси тафсирида қуйидагича келади:
Оятларда у дунёдаги эркакларга бериладиган неъматлар ҳақида сўз кетганда, албатта, аёллар ҳам назарда тутиладилар. Улар ҳам мазкур неъматларга эришадилар. Фақат ҳурлар ҳақида сўз кетганда, «Аёлларга-чи, уларга нима бўлади?» деган савол туғилади. Бу саволга эндиги келадиган оятлар ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларидан жавоб топамиз. فَجَعَلْنَاهُنَّ أَبْكَارًا۝ عُرُبًا أَتْرَابًا۝ لِّأَصْحَابِ الْيَمِينِ۝36. Бас, уларни бокиралар қилиб қўйдик –
37. бир хилдаги тенгдош маҳбубалар.
38. Ўнг тараф соҳиблари учун.
Машҳур муҳаддислардан Абул Қосим Тобароний ривоят қилган узун ҳадисда жумладан, шундай дейилади: «Умму Салама:
– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг «Ъурубан атрообан» деган ояти ҳақида гапириб беринг, – деди. Ул зот:
– Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни қиёматда тенгқур, бокира, эҳтиросли, маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади, – дедилар.
Умму Салама онамиз:
– Эй Аллоҳнинг Расули, бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ъийнларми? – дедилар. Ул зот:
– Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ъийнлардан афзалдир, – дедилар. Умму Салама:
– Нималари билан? – деб сўрадилар.
Набий алайҳиссалом:
– Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийдирган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тилладан. «Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччикланмаймиз. Биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин», – дейдилар, – дедилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо:
– Эй Аллоҳнинг Расули, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўртта эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эри билан бўлади? – дедилар.
Набий алайҳиссалом:
– Эй Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. «Аллоҳим, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин», – дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради, – дедилар». ثُلَّةٌ مِّنَ الْأَوَّلِينَ۝ وَثُلَّةٌ مِّنَ الْآخِرِينَ۝39. Аввалгилардан кўп жамоатлар.
40. Кейингилардан кўп жамоатлар.
Демак, пешқадамлардан фарқли ўлароқ, ўнг тараф эгалари орасида аввал ўтган азизлардан иборат кўпгина жамоатлар ҳам, кейин келган азизлардан иборат кўпгина жамоатлар ҳам бўлар эканлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 23:18 | Савол-жавоблар | 186 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar