Ким баланд нарх берса ўшанга ўтиб кетиш

Ассалому алайкум! Ман яқинда уйимни сотмоқчи бўлиб танишимдан 500$ заклад(гаров пули)олгандим. Лекин бошқа танишим унданам анча кўпроқ миқдорда уйимни олишини таклиф қилди. Ман гаров пулини қайтариб бериб, бошқасига қимматрога сотсам бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бўлмайди. Сиз ҳам ўша танишингиз ҳам мутлақо нотўғри ишни қилаяпсизлар. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَبِعِ الرَّجُلُ عَلَى بَيْعِ أَخِيهِ، وَلَا يَخْطُبْ عَلَى خِطْبَةِ أَخِيهِ إِلَّا أَنْ يَأْذَنَ لَهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: لَا يَسُمِ الْمُسْلِمُ عَلَى سَوْمِ أَخِيهِ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Магар унга ўзи изн берса, майли», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда уч хил ишдан наҳий қилинмоқда:
1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш.
Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:
Биринчи кўринишда сотувчи бошқа сотувчидан нарса сотиб олган харидорга «Савдонгни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман», дейди.
Иккинчи кўринишда эса харидор бошқа харидорга нарса сотган сотувчига «Савдонгни бузиб, нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўп баҳо тўлайман», дейди.
Бу иш бузғунчиликдан иборатдир. Кишилар ичида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишларига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам бу нотўғри иш шариатда ман қилинган.
2. Бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш.
Бир киши бир қизга совчилик қилиб турганда у ўз ишини битирмагунча бошқа одам ҳалиги қизга совчилик қилиши ҳаромдир. Бу ҳам кишилар ўртасида хусумат келтириб чиқарадиган ишдир. Аммо биринчи совчилик қилган одам иккинчи одамга ўзи изн бериб, «Майли, насиб қилгани бўлар. Сиз ҳам совчи қўяверинг», деса, у ҳам совчилик қилиши мумкин. Бу масала, иншааллоҳ, «Никоҳ» китобида батафсил ўрганилади.
3. Бировнинг савдолашиши устига савдолашиш.
Яъни, бир киши бир нарсани савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб, сотувчига «Менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман», дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга «Менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, бундан кўра арзонроқ бераман», дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш бор бўлганлиги учун ҳаром қилинган.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Исломдан бехабарликлари, хабардорларнинг эса амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 15:08 | Савол-жавоблар | 157 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar