Ваъдасида турмаслик

Ассалому алайкум! Олдинги саволимга жавоб олдим лекин хўжайним Қуръони карим китоб ушлаб қайтиб ичмасликни ваъда берган эди. Хозирда озгина ичдим деб оз ичиб келмоқда. Бази кунлари ичган куни фарзандларим бирма бир истималаб оғриб қолишмоқда. Бу холат янги фарзандларимни оғриб қолиши китоб ушлаб вада берганли учунмикин деб ўйлаб қолмоқдаман. Вада бериб яна ичса бўладими ёки бирон фарзандимга уриб қоладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Маст қилувчи ичимликларни ичиш шариатимизда ҳаром қилинган, кабира – катта гуноҳлардан ҳисобланади. Мусулмон киши бу ишдан тийилиши керак. Буни қасам ичгани ёки боласига уришидан кўрқиб эмас, балки Аллоҳ ҳаром қилгани учун ичмаслиги керак. Охиратдаги азоби қаттиқ бўлгани учун буни қилмаслиги керак. Бугун фарзандларингиз истималамаса ичавериши керак эмас. Чунки бунинг азоби қаттиқлигидан банда эртага ўша хавотир қилган фарзандларидан ҳам охиратда кечиб юборади. “Ҳаж” сурасининг 2-оятида шундай дейилади:يَوْمَ تَرَوْنَهَا تَذْهَلُ كُلُّ مُرْضِعَةٍ عَمَّا أَرْضَعَتْ وَتَضَعُ كُلُّ ذَاتِ حَمْلٍ حَمْلَهَا وَتَرَى النَّاسَ سُكَارَى وَمَا هُم بِسُكَارَى وَلَكِنَّ عَذَابَ اللَّهِ شَدِيدٌ۝ «Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».
Яъни Қиёмат зилзиласи рўй берган кунда:
«Ҳар бир эмизувчи эмизаётган нарсасини унутар».
Маълумки, она ўзи эмизаётган боласига жуда боғлиқ бўлади. Ухлаб қолган онани момақалдироқ уйғота олмаслиги мумкин, лекин боласининг инграши дарҳол уйғотади. Эмизувчи она ҳамма нарсани унутса унутади, аммо боласини унутмайди. Лекин қиёмат зилзиласи шу қадар даҳшатлики, ҳатто эмизувчи аёл ҳам боласини унутади. Битта-иккитаси эмас, ҳаммаси, ҳар бир эмизикли аёл эмизадиган боласини унутиб қўяди.
«Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар».
Бу ҳам ўша зилзиланинг даҳшатидан рўй беради. Ҳомиладор ҳомиласини ташлаб қўйиши учун ниҳоятда қаттиқ қўрқиши керак. Ўшандоқ қўрқув қиёмат зилзиласидан бўлади. Ўша вақтда:
«Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас».
Бу ҳолат ҳам ўша зилзиланинг ғоятда даҳшатли эканига далолат қилади. Қаттиқ қўрққан одамлар ҳеч нарса ичмасдан туриб ҳам эс-ҳушларини йўқотиб, худди маст одамларга ўхшаб қолишади. Чунки:
«Аллоҳнинг азоби шиддатлидир». («Тафсири Ҳилол» китобидан)
Эрингиз тез тавба қилиб, ичишни ташламаса бу дунёда ҳам балога учраб кетиши мумкин. Охиратдаги жазо эса муқаррар унда қочиб бўлмайди. Ичкиликка муккасидан кетганларни даволайдиган мутахассис ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳат қилинглар. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 17:51 | Савол-жавоблар | 163 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar