Имтиҳон куни намоз қолдириш

Ассалому алайкум! Абитуриентман, бир йилдан бери математика фанидан таёрланаман мени имтихоним 18:00да экан агар имтихонга борсам аср ва шом намозларим қазо бўлиши эхтимоли 99% чунки у эрда намоз ўқишга рухсат беришмиди, агар имтихонга бормасам қурилишда ишлашга мажбурман вахоланки у ерда намоз ўқиш жуда қийин. Мен бундай холда қандай йўл тутай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 17:35да асрни ўқиб имтиҳонга кирасиз. Шом намозини ҳам 19:15гача ўқиб олсангиз бўлди. Имтиҳонни шомни вақти чиқиб кетгунча топширишга ҳаракат қилинг. Агар шомнинг вақти чиқиб кетадиган хавф бўлса, чиқиб ўқиб келинг. Дунёдаги барча имтиҳонларда ҳожатхона каби зарурий ишларга чиқаман деса рухсат беришади. Намозларни вақтида ўқинг, бунинг учун мусулмонда ҳиммат бўлса бўлди. Аллоҳдан қўрқиб намоз ўқисангиз, имтиҳондагиларни ҳам қурилишдагиларни ҳам азобидан Аллоҳ таоло қутқара олади. Аллоҳга тақво қилсангиз, Ундан қўрқсангиз Ўзи сизга ҳар бир мушкул ҳолатдан чиройли ечим беради.«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур». («Талоқ» сураси, 2-3 оятлар)
Яъни ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига ҳам келмаган томондан ризқи рўз етказиб беради. Одатда кишилар ризқи рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳу махражан ва йарзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пай­ғамбар алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёд қила олмайди», деганлар. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 19:39 | Савол-жавоблар | 171 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar