Ширк

Ассалому алайкум! Бир дўстим сўраб беришимни илтимос қилди. Айтишича унинг бувиси бетоб экан хар қанча шифокорга бормасинлар фойдаси бўлмаётган экан, аммалари келишиб қандайдир аёл чақириб қайш оши деган таом пиширишаётганларини дўстим билиб қолибди шунда у аммаларига бундай қилманглар гунох бу деб тушунтирибди ва улар у аёлни чақирмабдилар. Лекин дўстим уйига келса ўша овқатни барибир пиширишаётган экан. Шунда у ўша овқатни тўкиб ташлабди. Хозир эса дўстимнинг айтишича хаммалари ундан хафа бўлишган экан, нимага деса биз буни дадангда сўраб қилаётган эдик бувингни тоби йўқ азоб чекияпти овқатни хам увол қилдинг гунохку дейишяпти экан. У хозирда нима қилишини билмай қолган қанча тушинтирмаса хам нима қилайлик бувингни ахволини қара деяптилар экан. Илтимос шу масалада маслахат берсангиз дўстим хозирда нима қилса тўғри бўлади? Шундай вазият яна бўлиб қолса нима қилиши керак? Уйидагилари ундан ноўрин хафа бўлишмаяптими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Қўполлик қилмасдан тушунтириш керак эди. У исломни шундай гўзал қилиб кўрсатсинки, улар шариатга амал қилишни бошлаганини ўзлари билмай қолишсин. Уйидагилар ундан ноўрин хафа бўлишяпти. Дардни Аллоҳ таоло берган, шифосини ҳам Ўзи беради. Ўзидан сўраш керак. Бу каби таом пишириш шариатимизда йўқ, хурофот саналадиган амал. Қуйидаги тавсияга амал қилинг: Инсон насиҳат қилмоқчи бўлган барча кишиларнинг олдида суюкли бўлиши керак. Ўзгаларга насиҳат қиладиган, таълим берадиган ва уларни айтган гапларига амал қилишини хоҳлайдиган инсон аввало яхши илмга эга бўлиши керак. Ҳар бир билган нарсасига амал қилишга ҳаракат қилиши керак. Энг муҳими уларга яхши гапириб, муҳаббатини қозона олиши керак. Чунки ҳикматларда “Кимни яхши кўрсанг уни ҳар бир сўзи ва амаллари сенга чиройли бўлиб кўринаверади” дейилган. Қолаверса банда Аллоҳ билан ўзининг ўртасини ислоҳ қилса Аллоҳ у билан бошқа бандалар орасини ҳам ислоҳ қилиб қўяди. Бунинг учун бироз вақт ҳам керак бўлади. Сурункали касаллик даволаниши қийин ва узоқ муддат талаб қилганидек гуноҳлар ҳам сурункали бўлиб қолади, тарк қилиши учун узоқроқ муддат керак бўлади. Бунинг учун ёнидаги табиблик вазифасини бажараётганлар бироз сабр қилишлар керак бўлади. Оддий касалликни даволаш учун табобатдан илм ва тажриба зарур бўлганидек, гуноҳ касалини даволамоқчи бўлганларда ҳам даволаш илми ва тажрибаси бўлиши керак. Акс ҳолда қўполлик қилиб, гуноҳ касаллигини зўрайтириб юборади. Сиз илм ўқинг. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 21:49 | Савол-жавоблар | 131 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar