Синглимни эплаб бўлмаябди

Ассалому алайкум! Синглим 18га кирди. Боллар билан гаплашади, ҳарчанд уринмай ака бўлиб эплай олмаябман. Отамни синглим билан иши йўқ, онамни эса умуман иши йўқ. Телефон ишлатади, жуда кўп уришиб берсам ҳам, қанча тахдид қилсам ҳам парвосига келмайди. Доим ўзини оқлашга уринади ҳуддики мен туҳмат қилаётгандекман. Ваҳоланки бир неча маротаба телефонига смс келганини кўриб қолганман. Отамдан онамдан жаҳлим чиқади, бир оғиз гап айтишмаганидан. Илтимос устозлар, шу ҳабарни каналга ҳам жойланг, ота оналар бепарво бўлишмасликлари учун насиҳат қилиб қўйинг, эзилиб кетдим устоз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Тарбия ҳам ота оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир.
«Тарбия» сўзи арабча «робба» феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди ва ислоҳ қилди маъноларини билдиради.
Мусулмон уламолар «тарбия»ни бир неча хил таъриф қилганлар.
Жумладан, имом Байзовий қуйидагича таърифлайди:
«Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир».
Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади:
«Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».
Исломда болалар тарбияси ота онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».
Яъни, ота оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?»
Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.
Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси бўйича мутахассисларимиз: «Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак», дейишади. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 22:00 | Савол-жавоблар | 132 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar