Ёниб ўлиш

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кимсалар шаҳидлик мақомига эга бўладилар: «Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!» (Суютий «Жомеъ ас-сағир» 3/5334; «Жамъ ул-жавомеъ» 1/93) Бу ҳадис умумий уммат учун нозил бўлган, албатта. Лекин тарихда (саҳобалар, анбиёлар, шайҳлар, солиҳ кишилар) ёки ҳозирги кунда солиҳ кишилардан ёниб, шахидлик мақомида ўлганлардан кимларни билсак бўлади? Онам ҳеч бир солиҳ инсоннинг охири ёниб вафот топмаган деган даъвони қилдилар. 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сизга маълумотнинг нима фойдаси бор. Бу ҳадис ўзингиз айтганингиздек умумий уммат учун айтилган, шунинг учун куйиб вафот этган мусулмонга шу мақом берилади. Шунинг ўзи кифоя, ундан ортиғининг инкор қилиш ҳам, тасдиқлаш ҳам шарт эмас. Бундан фойдалироқ масалаларга вақтларингиз, шунингдек бошқаларнинг ҳам вақтини сарфлашга ҳаракат қилинглар. عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : "من حسن إسلام المرء تركه ما لا يعنيه" حديث حسن رواه الترمذي وغيره  Яъни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади :
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Киши ўзига кераксиз бўлган нарсаларни тарк қилиши, Исломининг гўзал эканлигининг аломатидандир” дедилар. 
(Термизий ва бошқалар ривояти).
Агар бу маълумот сизнинг дину-дунёингизга заррача бўлсада фойда келтирганида эди, уламоларимиз буни албатта китобларда ёзиб қолдирган бўлар эдилар. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 22:55 | Савол-жавоблар | 181 | Сийрат ва тарих
|
Boshqa savol-javoblar