Намозда тушунча

Ассалому алайкум! Иш жойимизда 5 вақт намозни адо қилишга харакат қиламиз хамкасбларим билан. Хаммамиз бир вақтда ёки олдин ёки кейин. Бир вақтда намоз ўқиганимизда хамма баробар бошлаймиз ва алохида алохида ўқиймиз. Бу вақтда овоз чиқариб ўқиладиган намозларда бир биримизга халақит берилади ва намозни тезроқ ўқиб олишга шошишади. Биронтаси имомликка ўтгиси келмайди. Овоз чиқариб ўқиладиган намоз вақтларида қандай йўл тутса бўлади чалғимаслик учун? Тўғри у даражада етишиб кетмаганмиз, намоз вақтида бошқа нарсага чалғимасликка. Бу вақтда қандай йўл тутсак бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Жамоат бўлиб, бир имом ортида намоз ўқинглар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ ثَلَاثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلَا بَدْوٍ لَا تُقَامُ فِيهِمُ الصَّلَاةُ إِلَّا قَدِ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ، فَعَلَيْكَ بِالْجَمَاعَةِ، فَإِنَّمَا يَأْكُلُ الذِّئْبُ الْقَاصِيَةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қишлоқдами, саҳродами, уч киши бўлса-ю, улар ичида жамоат намози қоим қилинмаса, албатта, шайтон уларга эга чиқар. Жамоатни лозим тут. Айрилганни бўри ер», дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган.
Шарҳ: Демак, қаерда учта ва ундан кўп мусулмон одам тўпланса, ўша ерда жамоат намози ўқилиши керак. Ҳатто икки киши бўлса ҳам, намозларни жамоат бўлиб ўқишлари лозим. Жамоат намози ўқимаганларга шайтон эга чиқиб, уларни ўз қулларига айлантириб олади. Жамоат намозига қўшилмаган одам мусулмонларнинг жамоатидан айрилади. Жамоатдан айрилиш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди. Қўрадаги қўйлардан ажраган қўй бўрига ем бўлади, жамоатдан ажраган одам эса шайтонга қул бўлади.
Бу ҳикмат доимо юзага чиқиб келган. Мусулмонлар ичидаги обрў-эътибор уларнинг жамоат намозига қатнашишларига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хонасалот (уйда намоз ўқувчи) лақабини олиб, обрўсиз кишилар ҳисобланганлар.
Мусулмонлар қаерда бўлмасинлар, икки-уч киши бўлсалар ҳам, ҳамиша жамоат намози ўқишга ҳаракат қилганлар. Ўзлари қандай ҳолатда яшамасинлар, биринчи галда жамоат намози ўқиш учун масжид қуришни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билганлар.
Муаллиф шундай ҳикоя қилади: «Мисрнинг бепоён чўллари... Катта тезликда бораётган автомашина ойнасидан аҳён-аҳёнда тўкилиб тушган кичик уйларнинг харобалари кўринади. Уларнинг ўртасида эса кичик, аммо бутун масжид кўринди. Саҳровий мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, уч-тўрт киши бўлсалар ҳам жамоат намози ўқиш учун масжид қурган эканлар.
Аксинча, баъзи жойларда шаҳар-қишлоқлар оралаб бир неча кун юрсанг ҳам бир дона масжид топа олмайсан. Шайтон ана ўшандоқ юртларнинг одамларига эга чиқмай, кимга эга чиқсин?! Ўшаларни залолатга кетказмай, кимни кетказсин»?!(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 02:36 | Савол-жавоблар | 167 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar