Эркак киши нима қилсин

Ассалому алайкум! Аёл киши эрини хизматини қилса кирини ювса, овқатини қилса, болаларига қараса-ю, лекин эри нафсини қондириш у-н тўшакка чорласа ҳар хил бахоналар(эрталабдан бери тинмадим чарчадим) каби баҳоналар қилиб эрини таклифини рад этса. Ўзим айтаман вақтини деса-ю бир ойдан ўтиб кетсаям индамаса. Эркак киши нима қилсин? Бундай аёлни ҳукми қандай бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Уйланишдан мақсад иффатни сақлаш. Агар аёл яқинлик қилишга норози бўлиб эрни иффатини сақлолмаса, аёл гуноҳкор бўлади.  عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا دَعَا الرَّجُلُ امْرَأَتَهُ إِلَى فِرَاشِهِ فَأَبَتْ أَنْ تَجِيءَ لَعَنَتْهَا الْمَلَائِكَةُ حَتَّى تُصْبِحَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, фаришталар тонг отгунча уни лаънатлаб чиқурлар», – дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
«Шаръий узр» дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатга ўхшаш, динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Эрдир, аёлдир, хоҳлаган вақтида ўз жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши лозим. Зотан, эр‑хотин бўлиб, оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шудир.
Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса, ана ўша асосий мақсадлардан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу эса, аста-секин соғлик, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариши, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин.
Шунинг учун ҳам бу иш Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган иш сифатида баҳоланган. Бу маънони ҳозирги замонда тибшунос, руҳшунос ва жамиятшунос мутахассислар ҳам тасдиқламоқда.عَنْ عَمْرِو بْنِ الْأَحْوَصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَلَا إِنَّ لَكُمْ عَلَى نِسَائِكُمْ حَقًّا وَلِنِسَائِكُمْ عَلَيْكُمْ حَقًّا، فَأَمَّا حَقُّكُمْ عَلَى نِسَائِكُمْ فَلَا يُوطِئْنَ فَرْشَكُمْ مَنْ تَكْرَهُونَ، وَلَا يَأْذَنَّ فِي بُيُوتِكُمْ مَنْ تَكْرَهُونَ، أَلَا وَحَقُّهُنَّ عَلَيْكُمْ أَنْ تُحْسِنُوا إِلَيْهِنَّ فِي كِسْوَتِهِنَّ وَطَعَامِهِنَّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳаққингиз бордир ва хотинларингизнинг сизда ҳақлари бордир. Тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишиларнинг уйингизга киришига изн бермасликлари хотинингиздаги ҳаққларингиздандир.
Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақлари: уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Бу ишларнинг алоҳида таъкидланишининг боиси, кўпчилик наздида арзимас бўлиб кўринган мазкур нар салар оилада уруш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиб келганлигидир.
Бировни ёмон кўриб қолиш – кўнгил иши. Эркак одам жуфти ҳалоли, ёстиқдоши томонидан ўзи ёмон кўрган одамга илтифот кўрсатилишидан ранжиши, буни кўнглидан чиқара олмаслиги турган гап. Шунинг учун ҳам Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарсани эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири, деб тушунтиради. (“Бахтиёр оила” китобидан). Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 13:51 | Савол-жавоблар | 202 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar