Мунофиқманми?

Ассалому алайкум! Эрталаб туриб бомдод намозини ўқиб бўлиб қодир бўлганимча Қуръонни тиловат қиламан, тафсир ёки диний китоблар ўқийман. Баъзида қалбим юмшайди, кўзларим хам ёшланади. Лекин афсуски бу холат узоқ давом этмайди. Остона хатлаб кўчага чиқишим билан нафсим ғолиб келишни бошлайди, кўзларим олма териб ярим-яланғоч кийинган хотин-қизларга кўзим тушади ва холатим бутунлай ўзгаради, шахватим қўзиб, нафсим ғолиб келабошлайди, зинога майлим ортади. Уйланганман. ҳалол касб қилиш пайидаман доим. Назарга назарни эргаштирмасликка харакат қиламан, лекин кўп холларда бир марта назарим тушиши хам чиркин шахватим қўзишига кифоя қилиб қолади. Гарчи гунохи кабира эканини билсамда зинога майлим ортади. Шу холатим мунофиклик эмасми? Бомдоддан кейин доим «нафсимни ёмонлигидан, шайтонни ёмонлигидан, кўзларимни ёмонлигидан» панох тилаб дуо қиламан. Кўз зиноси жуда азоб беради. Бу холатга тушишимни боисини билолмай қийналаман. Илтимос, бу холатимни ўзгартиришимда фойдали бўладиган маслахат берингизлар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Қуйидаги ҳадисни доим ёдизда тутинг. عَنْ حَنْظَلَةَ الْأُسَيْدِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ وَكَانَ مِنْ كُتَّابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، نَافَقَ حَنْظَلَةُ، قَالَ: وَمَا ذَاكَ؟ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، نَكُونُ عِنْدَكَ تُذَكِّرُنَا بِالنَّارِ وَالْجَنَّةِ حَتَّى كَأَنَّا رَأْيُ عَيْنٍ، فَإِذَا خَرَجْنَا مِنْ عِنْدِكَ عَافَسْنَا الْأَزْوَاجَ وَالْأَوْلَادَ وَالضَّيْعَاتِ نَسِينَا كَثِيرًا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنْ لَوْ تَدُومُونَ عَلَى مَا تَكُونُونَ عِنْدِي وَفِي الذِّكْرِ لَصَافَحَتْكُمُ الْمَلَائِكَةُ عَلَى فُرُشِكُمْ وَفِي طُرُقِكُمْ، وَلَكِنْ يَا حَنْظَلَةُ سَاعَةً وَسَاعَةً، ثَلَاثَ مَرَّاتٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ فِي الرَّقَائِقِ. وَلَفْظُ الْأَخِيرِ: لَوْ تَدُومُونَ عَلَى الْحَالِ الَّذِي تَقُومُونَ بِهَا مِنْ عِنْدِي لَصَافَحَتْكُمُ الْمَلَائِكَةُ فِي مَجَالِسِكُمْ وَفِي طُرُقِكُمْ وَعَلَى فُرُشِكُمْ، وَلَكِنْ يَا حَنْظَلَةُ سَاعَةً وَسَاعَةً وَسَاعَةً وَسَاعَةً  Ҳанзала ал-Усадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, (у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди):
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Нима учун?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу дунё аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда ва зикрда бардавом бўлсангиз, албатта, тўшакларингизда ва йўлларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай», деб уч марта айтдилар».
Муслим ва Термизий «Рақоиқ»да ривоят қилганлар. Охирги лафзда:
«Агар менинг ҳузуримдан турган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, албатта, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай, бир соат ундай, бир соат бундай», дедилар».
Шарҳ: 
Бу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур ҳадислардан бўлиб, унинг аввалги қисми қуйидагича:
«Абу Бакр мени учратиб қолиб:
«Қандайсан, эй Ҳанзала?!» деди.
«Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Субҳаналлоҳ! Нима демоқдасан?!» деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. У зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда эса жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим.
«Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучор бўламиз!» деди Абу Бакр.
Мен Абу Бакр билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зотнинг олдиларига кириб...» деб давом этади.
Бу ҳадиси шарифдан кўпгина фойдалар олинади:
1. Устозлар етук бўлсалар, кишиларнинг руҳий тарбия бобида юқори даражаларга эришишларига сабаб бўлишлари мумкинлиги.
2. Устоздан узоқлашган шогирдда руҳий поклик чўққисидан пастлашиш бўлиши мумкинлиги.
3. Фарзу вожибларни адо этгандан кейин нафл ибодатлар, эслатиш ва зикр туфайли кишиларнинг руҳий даражалари ҳар хил бўлиши.
4. Руҳий даражани доимий равишда олий даражада ушлаб туриш матлуб эмаслиги.
5. Шариат ҳудудида оила, бола-чақа ва молу мулк ташвишида бўлиш мунофиқлик ёки номарғуб нарса эмаслиги. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!Қуйидаги линкда кўз зиноси ҳақидаги саволга устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг берган жавобларини ўқишингиз мумкин:https://islom.uz/maqola/4179

14 Май 2022, 14:02 | Савол-жавоблар | 188 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar