Масжидда ейиш, ичиш мумкинми?

Ассалому алайкум! Биз масжидга шом намозини ўқиш учун борганимизда ифторлик вақти тўғри келгани учун ўзимиз билан сув ёки ҳурмо олиб борамиз. Масжидда оғиз очса бўладими ёки масжидда ейиш ичиш мумкинми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Масжид ибодат ва зикр қилинадиган жойдир. Умумий ҳолатда масжидда еб-ичиш, ухлаш макруҳдир. Рамазон ойларида жамоатга шерик бўлиб, масжидда шом намозини ўқувчилар ифторликни масжид ичида қилсалар бўлади. Лекин икки нарсани риоясини қилиш керак.
1). Киришдан аввал Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳнинг “масжидга бироз муддат эътикоф ниятида киришлик ҳам эътикоф ўрнига ўтади”, деган сўзларига биноан “масжиддан чиққунимча нафл эътикофни ният қилдим”, деб  ният қилиши, зеро эътикофдаги киши учун масжидда еб-ичишга барча уламолар ижозат берганлар. (Масжид ичида сув ичмоқчи бўлганлар аввал нафл эътикофни ният қилсалар ибодат жойида макруҳ ишни қилишдан сақланган бўладилар, қолаверса, нафл эътикофнинг савобига эга бўладилар);
2). Масжидни покиза сақлашлик;
 Аллома Зафар Аҳмад Усмоний роҳматуллоҳи алайҳ Мулла Алий Қорийнинг “Мирқотул Мафотиҳ” китобидан “Масжидда еб-ичиш макруҳ, лекин ифторлик бундан мустаснодир”, деган сўзларини масжидда ифторлик қилиш мумкинлигига далил қилиб келтирганлар. Валлоҳу аълам!

23 Май 2022, 11:07 | Савол-жавоблар | 159 | Рўза
|
Boshqa savol-javoblar