Умр йўлдошим мусулмон эмас

Ассалому алайкум! Турмушга чиқишимдан олдин бир нечтаси бўлажак турмуш ўртоғимни мусулмон эмас деб айтишганди. Ўзидан сўраганимда мужмал жавоб бериб, бу гапларни инкор қилганга ўхшаганди. Ўзи жуда хам инсофли, ичмайди, чекмайди, тўғрисўз ва хеч кимга билдирмай яхшилик қилади. Лекин сўрасам, "Худо бор, лекин Аллоҳ эмас" дейди. Жуда кўп чет эл китобларини ўқиб шу қарорга келганми деб сиқиламан. Ўзим намоз, Қуръон ўқийман. Уларни тўғри йўлга даъват қилябман, фақат иймонсиз бу дунёдан кетиб қолишидан, мен эса буни била туриб яшаб гунохкор бўлишдан қўрқаман. Орада фарзандларимиз бор, ажрашай десам болларни ўйлаябман. Шу пайтгача кутдим, Аллоҳдан сўраябман. Ўзлари хеч қачон намоз, Қуръон ўқишимга қаршилик қилиб ёки халақит қилмаганлар. Ўзингиз нима тўғри деб билсангиз шуни қилинг дейди. Илтимос, айтинг, яшаб гунохга ботябманми? Даъват қилиб яшайверсам бўлмайдими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Агар иймон келтирмаса иймон келтириш шарт бўлганларни тан олмаса ўртада никоҳингиз бўлмайди. Бу сизни имтиҳонингиз. Сиз иймон ва ислом ҳақида яхши гапириб, тушунтиринг. عَنْ عَائِشَةَ، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، ابْنُ جُدْعَانَ، كَانَ فِي الْجَاهِلِيَّةِ يَصِلُ الرَّحِمَ، وَيُطْعِمُ الْمِسْكِينَ، فَهَلْ ذَاكَ نَافِعُهُ؟ قَالَ: لَا يَنْفَعُهُ؛ إِنَّهُ لَمْ يَقُلْ يَوْمًا: رَبِّ اغْفِرْ لِي خَطِيئَتِي يَوْمَ الدِّينِ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Ибн Жудъон жоҳилиятда ҳам силаи раҳм қилар, мискинга таом берар эди, мана шулар унга (охиратда) фойда берадими?» деганимда, у зот: «Фойда бермайди, чунки у бирор кун ҳам «Роббим, қиёмат куни хатоларимни кечиргин», деб айтмаган», дедилар». Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 17:46 | Савол-жавоблар | 171 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar