Уйланишим шартми

Ассалому алайкум! Ота-онам уйлантиришмоқчи, аммо мен қизга зулм қилиб қўйишни истамайман. Сабаби, топаётган пулим хали рўзғор тебратишга аниқ етмайди деб ҳисоблайман. Касбим отамнинг тижоратини юритаман, отам менга кунлик 20-30 минг сўм баъзида ундан ҳам камроқ пул бердилар. Мана шу сени ҳаққинг дейдилар, баъзида бу пул бир кунлик йўл ҳаражатларимга кетиб қолади. Алҳамдулиллаҳ харомдан сақланишга Аллоҳ сабр беряпти. Аммо ота-онам мени гап сўзларимга қулоқ осишни исташмаяпти. Мени бўлса отамнинг пулига рўзғор тебратгим келмаяпти. Устозлар мен уларга ҳозир уйлана олмаслигимни қандай тушинтирай маслаҳатингизга муҳтожман.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш – оила қуриш вожиб бўлади.Кишиларнинг турли ҳолатларига қараб, никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турлича бўлади.
1. Фарз-вожиб.
Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан, ҳаққини адо этишига ишонса, бундай одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади. Чунки мусулмон кишининг ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши вожибдир.
Ислом шариатида «вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир» деган қоида бор. Бу ерда ана шу қоидага амал қилинади.
Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш – оила қуриш вожиб бўлади.
2. Ҳаром.
Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, бундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.
Бу ҳолатда Ислом шариатининг «ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир» деган қоидаси ишга тушади. Бировга зулм қилиш, зарар етказиш – ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли содир бўлиши аниқ бўлганлиги учун, бу ҳолатда унга олиб борадиган йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
3. Макруҳ.
Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, бундай одам учун никоҳ макруҳдир.
4. Суннати муаккада.
Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса, жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.
Оят ва ҳадисларнинг кўпчилигида баён этилган, ҳукми айтилган ҳолат кишилар орасида оммавий суратда учрайдиган мана шу ҳолатдир.
Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари далилдир. Ҳанафийлар: «Бу суннати муаккада вожибга тенг», дейдилар.
Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.
5. Мубоҳ.
Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалардан никоҳ – оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканини билиб олдик. Эрдир, аёлдир – ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишдан четда тура олмайди. Аммо, бу ишга киришишдан олдин ҳар бир инсон оила нима эканини, у нима учун ва қайси асосда қурилишини яхши билиб олмоғи керак.
Ислом таълимотлари бўйича, оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади:
1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини зийнатлаш учун қурилади. Бу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида, оила олиймақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун асосий макон эмасми? Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳ таолонинг оятига амал қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.
2. Оилавий ҳаётдан, эр‑хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юкловчи гўзал бир ҳайъат деб қараш лозим.
Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, уммат учун, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари керак. Бу эса, ўз навбатида ҳар ким ўзига юклатилган вазифаларни иймон асосида, виждонан адо этишини тақозо қилади.
3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак.
Никоҳ алоқаси руҳий отифа – кўнгил алоқасидир. Бу алоқа абадий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши лозим. Ҳар бир одам ана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолдагина оила қуришга ҳаракат бошлаши керак. (“Бахтиёр оила" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 19:12 | Савол-жавоблар | 174 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar