Йўқол деса талоқ тушадими

Ассаламу алайкум! Эр аёлига ҳазиллашиб туриб ёкида “пашол” яъни йўқол дейишига муносиб иш бўлмаса ҳам йўқол деса, талоқни умуман ният қилмаган бўлса, уни яхши кўрса, лекин шунақа гаплар билан ўзи ҳоҳламаса ҳам оғзидан чиқиб кетса, ҳазил устида аёл ҳам бу гапга парво қилмай тураверса ҳам талоқ тушиб қоладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Талоқни ният қилса, талоқ тушади.
"Кифоя" китобида қуйидагича келади.
Кинояли талоқ унинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир.
Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатадиган лафзни хотинига нисбат бериб ишлатилади.
«Бас», «чиқ», «кет», «тур» кабиларда рад ва жавоб эҳтимоли бор.
Яъни хотиннинг саволини рад қилиш ёки ижобий жавоб бериш эҳтимоли бор.
«Холисан», «бегонасан», «ажрагансан», «кесилгансан» ва «ҳаромсан»га ўхшашларда сўкиш эҳтимоли бор.
Яъни «яхшиликдан холисан», «тоатдан бегонасан», «тўғри йўлдан ажрагансан», «яхши ахлоқдан кесилгансан», «суҳбатга ҳаромсан» кабилар бўлиши мумкин.
«Сана», «бачадонингнинг тозалигини бил», «сен биттасан», «сен ҳурсан», «ихтиёрингни қилавер», «ишинг ўз қўлингда», «йўлингни очиб қўйдим» ва «сендан ажрадим» кабиларда иккисининг ҳам эҳтимоли йўқ.
Яъни жавобнинг ҳам, сўкишнинг ҳам эҳтимоли йўқ. Бунга ўхшаш лафзларда талоқнинг ёки бошқа нарсанинг маъноси бўлиши мумкин.
Масалан, «Санайвер», деганда «Аллоҳ таолонинг сенга берган неъматларини сана», деган бўлиши ҳам, «Талоқсан, иддангни сана», деган бўлиши ҳам мумкин.
Шунингдек, «Бачадонингнинг тозалигини бил»да «Агар тоза бўлса, талоқ қилмоқчиман» маъноси ҳам, «Сени талоқ қилдим, энди бачадонингнинг тозалигини билгин» леган маъно ҳам бўлиши мумкин.
«Сен биттасан», деганда «Сен биттасан, сендан бошқа йўқ», деган бўлиши ҳам, «Сен битта талоқсан», деган бўлиши ҳам мумкин.
«Сен ҳурсан», деганда «Сен чўриликдан ҳурсан», деган бўлиши ҳам, «Сен никоҳ боғланишидан ҳурсан», деган маънода гапирган бўлиши ҳам мумкин.
«Ихтиёрингни қилавер»да «Хоҳлаган ишингни қилавер», деган бўлиши ҳам ёки «Талоқда ихтиёрингни қилавер», деган бўлиши эҳтимол.
«Ишинг ўзингнинг қўлингда», деганда «Билган ишингни қилавер», деган бўлиши ҳам ёки «Талоқ иши сенинг қўлингда, хоҳласанг, ўзингни ўзинг талоқ қилавер», деган бўлиши ҳам эҳтимол.
«Йўлингни очиб қўйдим» ва «Сендан ажрадим»да маъно ойдин. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 20:20 | Савол-жавоблар | 151 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar