Ота-онамнинг қаршиликлари

Ассалому алайкум! Отам-онам ҳеч қаерда ишлашмайди. Фақатгина уйда мен ёлғиз ишлайман. Ҳозирча мен ҳам уйда ўтиримман. Мен номоз ўқишни бошладим, бунга кўп бўлмади иш қидирб қаерга борсам номоз ўқишга рухсат беришмаяпти, кейин эса мен у ерга ишга кирмай кетяпман. Уйдигиларим бундан жаҳл қилиб менга кун беришмаяпти. Шу боис бирор маслаҳат берсангизлар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз уйингиздагиларга намоз учун ишга олишмаганини айтишингиз шарт эмас. Тақвода ва сўрашда бардавом бўлиб турсангиз Аллоҳ таоло бир йўлини кўрсатади. Аллоҳ таоло “Талоқ” сурасида марҳамат қилади:  وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجًا۝ وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا۝ Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир.
3. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир.
Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур».
Яъни ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечадилар. Бу эса аксинча натижага олиб келади.
Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Юқорида зикр этилган ишларда ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккул қилишга ундаб,
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», – дейди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳуу махрожан ва ярзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», – деганлар.
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» жумласининг тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Набий алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:10 | Савол-жавоблар | 135 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar