Ҳомиладор аёлга талоқ тушадими?

Ассалому алайкум! 1). Ҳомиладор аёлга талоқ тушадими? 2). Ҳомиласи туғилмай, она қорнида нобуд бўлган бўлса иддаси қандай бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Тушади.
2). Ҳомилага қаралади. Ортидан келадиган қонни ҳайзга ҳукм қилинса уч ҳайз. Нифосга ҳукм қилинса бола тушиши билан идда тугайди.  САВОЛ: Бола тушиб қолса, ёки бирор сабаб бўлиб туширилса, аёл нифос қони кўрувчига айланадими?
ЖАВОБ: Бунинг учта сурати бор:
1. Мустабийнул хилқа: ҳамма ёки соч, тирноқ, бармоқ, оёқ-қўл каби баъзи аъзолари зоҳир бўлган чақалоқ. Унинг ҳукми-тирик туғилган бола каби бўлиб, ундан кейин келган қон нифос бўлади. Ҳомила туфайли иддада ўтирган аёлнинг иддаси тугайди. “Агар бола туқсанг талоқсан”, деб бола туғишга таъаллуқли қилинган бўлса, талоқ воқеъ бўлади.
2. Ғойри Мустабийнал хилқа: бирорта ҳам аъзоси зоҳир бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми-ундан кейин келган қон нифос қони бўлмайди.  Агар ўша қон ҳайз нисобича, яъни энг ками уч кечаю уч кундуз давом этса ва шу қон келишидан аввал аёл энг ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, ҳайздир. Агар бу шартлардан бирортаси топилмаса, истиҳоза қони ҳисобланади.
3. Муштабиҳул хилқа: аъзоси зоҳир бўлган ёки бўлмаганлиги маълум бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми-агар ҳомила тўрт ой, яъни 120 кун ёки ундан кўпроқ муддатда тушиб қолса, ундан кейинги қонни нифосга ҳукм қилинади. Агар энг ками тўрт ойдан камроғида тушиб қолган бўлса, юқоридаги каби  ҳайзнинг шартлари топилса ҳайз, топилмаса истиҳозага ҳукм қилинади.
Агар ҳомиласи тушган аёл ҳомиласи қанчалигини билмаса, бир аёл ҳар ойдан ҳайз одати 10 кун, поклиги 20 кун бўлса, нифос қонидан эса одати 40 кун бўлса, юқоридагидек ҳомила қанчалигини билинмаган ҳомила тушиб қолса,  бунинг икки сурати бордир:
а) одатда ҳайз кўрадиган кунларининг биринчисида содир бўлса, 10 кун намозини қолдиради. Чунки бу кунларда икки эҳтимол бор: ҳайз ёки нифос бўлиши. (яъни аъзолари зоҳир бўлган ҳомила бўлганида бу кун нифосга ҳукм қилинарди, зоҳир бўлмаганда ҳайзга ҳукм қилинарди, иккисида ҳам намоз ва рўзалар соқит бўларди) 10 кун бўлгач, ҳайздан пок бўлганлигининг эҳтимолидан ғусл қилиб олади. 20 кун таҳорат билан намоз ўқийверади. Бу ҳукм қон тўхтамай давом этганда жорий бўлади
б) одатда ҳайз кўрадиган кунлари ўтгандан кейин содир бўлса, 20 кунга қадар таҳорат билан намоз ўқийверади. Чунки бу кунларда аёл пок бўлиши керак эди ёки нифос кўрган бўлишининг эҳтимоли бор. Шунинг учун таҳорат қилиб намоз ўқийверади.
Хулоса шуки, қайси кунларнинг ҳайз ёки нифослиги анииқ бўлса, намоз ва рўзаларни тўхтатиб турад. Қайси кунлар ҳайз ёки поклик ва нифос ёки поклик бўлган кунларда шак билан намоз ўқийверади. (Аҳкоми ҳайз, нифос ва истиҳоза). وَسِقْطٌ ظَهَرَ بَعْضُ خَلْقِهِ كَيَدٍ أَوْ رِجْلٍ  أَوْ أُصْبُعٍ أَوْ ظُفُرٍ أَوْ شَعْرٍ ، وَلَا يَسْتَبِينُ خَلْقُهُ إلَّا بَعْدَ مِائَةٍ وَعِشْرِينَ يَوْمًا  وَلَدٌ  حُكْمًا  فَتَصِيرُ  الْمَرْأَةُ  بِهِ نُفَسَاءَ وَالْأَمَةُ أُمَّ وَلَدٍ وَيَحْنَثُ بِهِ فِي تَعْلِيقِهِ وَتَنْقَضِي بِهِ الْعِدَّةُ ، فَإِنْ لَمْ يَظْهَرْ لَهُ شَيْءٌ فَلَيْسَ بِشَيْءٍ ، وَالْمَرْئِيُّ حَيْضٌ إنْ دَامَ ثَلَاثًا وَتَقَدَّمَهُ طُهْرٌ تَامٌّ وَإِلَّا اسْتِحَاضَةٌ Ҳомила тушиб қолганда қаралади агар унинг қўл, оёқ, бармоқ, тирноқ  ёки соч каби бирор аъзоси одам аъзоси каби бўлса, бундай бўлиши бир юз йигирма кунда бўлади (баъзилар эса ундан аввалроқ ҳам бўлади дейишади) уни болага ҳукм қилиниб, ғусл қилдирилади ва унга исм қўйилиб, жаноза ўқилмасдан дафн қилинади. Онаси нифос қонини кўрувчига айланади. Агар унингдек аъзолари зоҳир бўлмаса, болага ҳукм қилинмайди ва унинг ортидан келган қон ками уч кун давом этса ва бу воқеа содир бўлишидан аввал ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, у ҳайз қонидир. Шунинг учун намоз соқит бўлиб, рўзани бошқа кунга кечиктиради. Агар юқоридаги аъзолари зоҳир бўлиш, ҳомила тушиб қолишдан аввал ўн беш кун пок бўлиш ва кейинги келган қон уч кунгача давом этиш шартларидан бирортаси топилмаса, истехоза қони бўлиб, намоз ҳам соқит бўлмайди, рўзани ҳам кечиктирмайди. (Роддул Муҳтор). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:20 | Савол-жавоблар | 581 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar