Уй-жойларни лойихалаштиришда ҳожатхона ҳолати

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, каналингизга уланганимдан бери 5 вақт намоз ўқийдиган бўлдим. Касбдошларим ва дўстларим билан мўминларга фарз қилинган амалларни тўлиқ адо этишга интилмоқдамиз. Мен архитектор бўлиб ишлайман. Уй-жойларни лойихалаштираётганимда баъзан шундай вазият тушадики, хожатхонани қиблага ёки олдини билан, ёки орқаси билан жойлаштиришга тўғри келади. Лойиханинг баъзи буюртмачиларга мусулмон бўлмагани боис, хожатхонани бундай жойлаштириш мумкин эмаслигини тушинтириб бўлмайди. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангиз қозои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин», деган эканлар. Азиз устозлар, шундай вазиатларда хожатхонани қиблага қаратиб лойихалаштирсам мен гунохкор бўламанми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Гуноҳкор бўласиз. Ҳеч қандай имконсиз бўлганда, вазиятга қараб қўлдан келганича, қибладан буриброқ чизинг. Улар мусулмон бўлмаса сиз мусулмонсиз. Қибла сизнинг қиблангиз, уни хурматини қилиш ва қилдириш сизнинг вазифангиз. Аллоҳ таоло "Ҳаж" сурасида марҳамат қилади:  ذَلِكَ وَمَن يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِن تَقْوَى الْقُلُوبِ۝ 32. Ана шундай. Ким Аллоҳнинг нишоналарини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир.
Биз ушбу оят маъносида «нишоналар» деб таржима қилган ибора Қуръони Каримда «шаоир» деб айтилган. Бу «шаъийра» сўзининг жами – кўплик шакли бўлиб, «нишон», «белги», «аломат» деган маъноларни билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ» – «Аллоҳнинг нишонлари» дейилганда эса Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган ибодатлар кўзда тутилади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:25 | Савол-жавоблар | 169 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar