Хиромантия бу фолбинликми?

Ассалому алайкум! Муқаддас динимизда фолбинлик ва олдиндан кўриш ишларидан қайтаради. Фолбинлар ва жодугарлар жинларга ва шайтонга бўйсунишади. Улар нафақт охиратда балки, ҳаётнинг ўзида ҳам жазосини олиб кейин кетишади. Лекин юқоридагилардан фарқли равишда хиромантия билан шуғулланадиган инсонлар бор экан. "Хиромантия" бу исоннинг кафтидаги чизиқларга қараб инсоннинг характери, қизиқишлари, бошидан ўтказган касалликлари, ҳозирги ҳолати, яъни инсон танасида қандай касалликлар мавжудлиги, ҳаттоки, умри қанчалиги, неча марта оила қуришигача ва ундан ҳам кўп нарсаларни айта оларкан. Фақат ва фақат чизиқларга қараб эмиш. Чет мамлакатларда хиромантия институтлари ҳам бор экан. Биздаги кўплаб китоб дўконларида ҳам хиромантия деган китобларга кўзим тушган. Мен буни фолбинликнинг бир тури десам, менга қандай қилиб фолбинлик бўлади. Қўлингдаги чизиқлар ҳаммасини айтиб турибдику. Хиромант бўлиш учун жинлар ва шайтонлар билан боғланиш керак эмас, уни китобиларини ўқиб ўрганиш керак, нимага инсонларнинг кафтида ҳар хил чизиқлар бор, нимага ҳамманинг кафтидаги чизиқлар худди инсоннинг афтидаги ажинларга ўхшаб бир хил эмас дейишди. Хиромантиядан баъзи бир психологлар ҳам фойдаланишар экан. Бу хиромантияга ва кафтимиздаги чизиқларга қараб бир нималарни айтиш фолбинликми ёки йўқми? Динимиз бундан қайтарадими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Азалдан сеҳргарлик бўлиб келган. Унинг турлари қандай бўлишидан қатъи назар қиёматгача чиқадиганларининг ҳамма тури ҳаромдир. Улар даъво қилаётган "умри қанчалиги, неча марта оила қуриши" кабилар ғайб илмидир.  Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром бўлганидек, ҳар бир ғайбни билишни даъво қилиш ҳам ҳаромдир. عَنْ بَعْضِ أُمُّهَاتِ الْمُؤمِنِينَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُنَّ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلَاةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَلَفْظُهُ: «مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ Мўминларнинг оналари розияллоҳу ан­ҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аррофга бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмайди», дедилар».
Имом Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.
Аҳмаднинг лафзида:
«Ким аррофга ёки коҳинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди», дейилган.
Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозининг қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими-йўқми, бунинг фарқи йўқ. Аммо ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 22:01 | Савол-жавоблар | 146 | Таълим ва мутаъаллим
|
Boshqa savol-javoblar