Ҳадиснинг саҳиҳлиги

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, мен бир ҳадис эшитгандим шуни саҳиҳлигини билмаяпман шу масалада ёрдам бериб юборинглар. "Муслим ибн Ҳорис Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга шивирлаб, Шом намозини ўқиб бўлсанг, "Аллоҳумма, ажирнии минан наар" (Аллоҳим, мени дўзахдан қутқар) деб етти марта айт. Шуни айтган кечангда вафот этсанг, сенга дўзахдан омонлик ёзилади. Буни бомдод намозида айтсанг ва шу куни вафот этсанг, сенга дўзахдан омонлик ёзилади дедилар. Абу Довуд ривоят қилган."
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Амал қилинадиган даражадаги ҳадис. عَنْ مُسْلِمِ بْنِ الْحَارِثِ التَّمِيمِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَسَرَّ إِلَيَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِذَا انْصَرَفْتَ مِنْ صَلَاةِ الْمَغْرِبِ فَقُلِ اللَّهُمَّ أَجِرْنِي مِنَ النَّارِ، سَبْعَ مَرَّاتٍ، فَإِنَّكَ إِذَا قُلْتَ ذَلِكَ ثُمَّ مُتَّ فِي لَيْلَتِكَ كُتِبَ لَكَ جِوَارٌ مِنْهَا، وَإِذَا صَلَّيْتَ الصُّبْحَ فَقُلْ كَذَلِكَ، فَإِنَّكَ إِنْ مُتَّ فِي يَوْمِكَ كُتِبَ لَكَ جِوَارٌ مِنْهَا Муслим ибн ал-Ҳорис ат-Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга махфий равишда:
«Шом намозини ўқиб бўлганингдан кейин етти марта «Аллоҳумма! Ажирнии минан-наар» деб айтгин. Агар сен ўшани айтсанг-у, шу кечада ўлсанг, сенга ундан сақланиш ёзилади. Бомдодни ўқиб бўлганингда ҳам ўшани айтгин. Агар шу кунда ўлсанг, сенга ундан сақланиш ёзилади», дедилар».
Шарҳ: 
«Аллоҳумма! ажирнии минан-наар»нинг маъноси «Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин» деганидир.
«Сенга ундан сақланиш ёзилади» дегани «дўзахдан сақланиш ёзилади», деганидир. Бу дуони ўқиш диёримизда кўпчилик зокирлар томонидан йўлга қўйилган. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 23:51 | Савол-жавоблар | 138 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar