Яхудий

Ассалому алайкум! Биз амаким билан баҳслашиб қолдик. Мен “яҳудийлар агар Исломга кириб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в)га эргашиб Исломнинг рукунларини қилсалар Аллоҳ хоҳласа жаннатга кирадилар. Мабодо ундай бўлмаса, ўзининг динини тўғри деб билиб, Ислом динини қабул қилмаса дўзахга киради” деб юбордим. Мен нотўғри гапирдимми? Шуни ойдинроқ тушунтириб берсангиз. Ин шаа Аллоҳ уларга ҳам кўрсатар эдим, чунки улар “яҳудий бўлса ҳам яхши инсон бўлса Аллоҳ кечиради”, деб юбордилар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Тўғри айтибсиз. Одам алайҳиссаломдан бери пайғамбарлар юборилган. Бир пайғамбар вафот топгач уммати уларга туширилган китоб ёки саҳифаларни аслини йўқотиб, ўзгартириб фисқу фасодга берилиб кетишаверган. Шу вақтда Аллоҳ яна бир пайғамбар юбориб барчани ўша пайғамбарга итоат қилишга буюрган. Қавм иймон келтириб, солиҳ амаллар қилиб маълум бир муддатгача тўғри йўлда юришган. Пайғамбар вафот топиб бир муддат ўтгач қавм яна аввалги ҳолатига қайтишган. Сўнг Аллоҳ яна бир пайғамбар ва унга саҳифа ёки китоб нозил қилган. Бу иш Мусо алайҳиссаломнинг даврларида ҳам бўлган. У зот вафот топиб маълум бир муддатдан кейин қавми Тавротни ўзгартириб асл нусхасини йўқотиб фасодга дучор бўлишгач Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни юборди ва у зотга Инжил нозил қилди ва Бану Исроилни энди Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиришларини шарт қилди. Ийсо алайҳиссалом осмонга кўтарилгач маълум бир муддат қавми тўғри йўлда бўлишди, китобларига амал қилишди. 600 йилча муддат ўтиб у қавм ҳам китобининг аслини йўқотди, унга ўзгартиришлар киритди, шариатида жоиз бўлмаган ишларни жоизга, жоиз бўлганларини ножоизга чиқарди. Шунда Аллоҳ таоло энг охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломни юбориб у зотга Қуръонни нозил қилди ва барчани у зотга иймон келтиришни шарт қилди. Яҳудий ва насоролардан баъзилари иймон келтиришди, ўз динида қолганлари кофир ҳукмида қолишди. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:  إِنَّ الَّذِينَ آمَنُواْ وَالَّذِينَ هَادُواْ وَالنَّصَارَى وَالصَّابِئِينَ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَعَمِلَ صَالِحاً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ۝ 62. Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, уларга Робблари ҳузурида ажрлар бордир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар.
Ояти каримадаги «иймон келтирганлар»дан мурод мусулмонлардир.
«Яҳудий бўлганлар» Бану Исроилдир. Яҳудийнинг икки тоифаси бор: биринчиси – Аллоҳга қайтган, иккинчиси – Яҳудонинг фарзандлари.
«Насоролар» деганда эса Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирганлар тушунилади. Улар у кишига ёрдам берганлари учун «насоро» («ёрдам берувчилар») деб ном олганлар.
«Собиийлар» деб, Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳи ўз қавмларининг буту санамларга сиғинишларини ёқтирмай, ўзлари янги ақийда ахтариб, охири, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз, деб қавмларидан ажраб чиққан кишиларга айтилади. Бу номни уларга мушриклар берган бўлиб, «Оталарининг динидан бурилганлар» деган маънони англатади.
Ояти карима юқорида зикр қилинганлардан ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлса, ўша ажр олади, олдинда уни хавф-хатар кутмайди, ўтган ишларга хафа бўлмайди, деган тушунчани бермоқда. Яъни ажр олиш учун, қиёматда хавфда қолмаслик учун, бўлиб ўтган ишлардан хафа бўлмаслик учун бирор ирққа мансублик шарт эмас. Балки иймону яхши амал бўлса, кифоядир.
Албатта, бу ҳукм Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича бўлган муддатга тааллуқлидир. У зоти бобаракот пайғамбар бўлганларидан сўнг ҳамма у кишига иймон келтириши шарт. Ким у кишига иймон келтирмаса, кофир бўлади ва азоб-уқубатга лойиқ кўрилади. Ажру савобдан маҳрум бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад алайҳиссалом:
«Менинг нафсим қудрат қўлида бўлган Зот ила қасамки, ушбу умматдан бирор киши – яҳудийми, насронийми, мен ҳақимда эшитса-ю, менга юборилган нарсага иймон келтирмаса, дўзах аҳлидан бўлади», – деганлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 23:52 | Савол-жавоблар | 188 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar