Бола чақа

Ассалому алайкум! Ҳурматли Устозлар, Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Такаасур сураси тафсирида Аллоҳни тоатидан машғул қилувчи : молу дунё, бойликни кўпайтириш қаторида бола чақа кўпайтириш ҳам айтилаяпти. Динимиз бизларни фарзандларни кўпайтиришга буюрган эмасми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Кўпайтиришга буюрган, лекин улар билан фаҳрланмасликка ва ибодатни тарк қилиб ҳаромдан бўлса ҳам мол дунё топиб едиришдан қайтарган. Никоҳ салафи солиҳларнинг назарида  Саҳобаи киром, тобеъийн ва барча салафи солиҳлар никоҳланишга нафақат амал қилганлар балки унга тарғиб ҳам қилганлар. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг Иҳёу Улумиддин китобида бир қанча саҳобаи киромларнинг сўзларини нақл қилганлар:  قال عمر لأبي الزوائد: ما يمنعك من النكاح إلا عجز أو فجور  1). Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
У зот Абу Завойид розияллоҳу анҳуга “Сени никоҳдан ожизлик ёки (фисқу) фужургина ман қилиши мумкин” – дедилар. (Ибн Абу Шайба ривояти).قال ابن عباس رضي الله عنهما: لا يتم نسك الناسك حتى يتزوج  2). Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Уйланмаганнинг ҳажи мукаммал ҳаж бўлмайди” – дедилар.
 Ушбу ҳадисда уйланмаган кишининг ҳажи мукаммал бўлмаслиги айтилмоқда. Бунинг сабаби уйланмаган шахс ибодатларни адо қилишда уйланган шахс каби қалби хотиржам бўлмас экан.
3). Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Аллоҳ таолонинг ҳузурида оиласиз ҳолда турмаслигим учун ўн кунлик умрим қолган бўлса ҳам уйланар эдим” – деганлар.
4). Муоз ибн Жабалнинг икки аёли вабога чалиниб вафот этдилар. Ўзлари ҳам вабога чалиндилар. Шунда ҳам “Мени никоҳлаб қўйинглар. Чунки мен Аллоҳ таолога аёлимсиз рўбарў бўлишни ҳоҳламайман” деганлар. (Мусаннафи Аби Шайба).
5). Мўъминларнинг амири Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Мен фақат фарзанд талабидагина оила қурганман” – деганлар.
6). Ҳикоя қилинадики собиқ уммат ичида замонаси аҳлидан ибодатда пешқадам бўлган бир киши бор эди. Ўша замон Пайғамбарига унинг гўзал ибодат қилиши зикр қилинди. Шунда Пайғамбар: “Суннатни тарк қилмаганда эди қандаям яхши киши бўлар эди” дедилар. Буни эшитгач обид қаттиқ ғамга ботди ва бу борада Пайғамбар алайҳиссаломдан сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сен уйланиш суннатини тарк қилгансан” дедилар. Обид: “Мен никоҳни ҳаром деб билмайман. Мен фақирман ва одамларга юкман” деди. Набий алайҳиссалом “Сенга ўз қизимни никоҳлаб бераман” деб никоҳлаб бердилар.
7). Бишр Ибн Хорис раҳматуллоҳи алайҳи “Аҳмад Ибн Ҳанбал уч жиҳатдан мендан устун бўлди. Биринчиси шуки у ўзи ва оиласи учун ҳалол касб қилди мен эса фақат ўзим учун ҳалол касб қилдим. Иккинчиси у никоҳни кенг олди мен эса  тор олдим (яъни у аёлларга уйланди мен эса уйланмадим). Учунчиси “У оммага Имом бўлди мен эса ёлғиз ибодатда бўлдим” –деганлар.
8). Нақл қилинишича Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ўғлининг онаси вафот қилганда иккинчи куни уйланиб “Мен сўққабош бўлиб тунашни ҳоҳламайман” – деганлар.
9). Бишр Ибн Ҳорисни вафотидан кейин яқинлари у зотни тушида кўриб “Аллоҳ сизга қандай муомала қилди” деб сўралди. Шунда у киши Аллоҳ таоло мени жаннатдаги мақомимни баланд қилди. Шу даражадаки пастдан Анбиё алайҳимуссаломларнинг мақомларини кўриб тураман. Лекин шунда ҳам оила қурганлар мақомига эриша олмадим” дедилар.
10). Айни шу Бишр Ибн Ҳорисдан тушда Абу Наср Таммор ҳақида сўралганда у киши мендан етмиш даража юқоридалар деди. Одамлар : “Дунёда биз сизни у кишидан мартабаси улуғ деб билар эдик” дедилар. Шунда Бишр “Бу мақомни унга бола чақаси кўплиги ва уларнинг ғамига сабр қилгани учун берилди” деди. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 00:32 | Савол-жавоблар | 171 | Қуръони карим
|
Boshqa savol-javoblar