Шохимардон

Ассалому алайкум! Ҳурматли илм ахли, бизлар учун қилаётган хайрли ишларингиз учун кўплаб ташаккурлар изхор этган холда қуйидаги саволни йўлламоқчи эдим. Излаш хизматидан топа олмадим. Яқинда дўстлар билан Фарғона вилоятининг Шохимардон деган жойига бордик. Қайтишда бир зиёратгоҳ мени жуда ажаблантирди ва хайратландим. Яъни, зиёратгохнинг номи "Хазрати Али" деб номланади. У жойнинг шайхидан ростдан хам Али хазратларининг қабрими, деб сўрадим. Шайх жуда кўп маълумот айтди, далилар билан ва охирида яна кўнгилда хеч қандай шубха бўлмаслигини айтдилар. Мен тақводор дўстим билан бу хақда фикрлашсам, дўстим бизнинг юртимизда фақат битта сахобанинг қабри бор эканлиги, у хам бўлса Самарқандда бўлиши мумкинлигини айтди. Иккиланиб қолдим... Агарда сизларда бу хакда маълумот бўлса, илтимос кўмак беринглар. Билимсизлигим учун узур сўрайман. Аллоҳ илмларингизни янада зиёда қилсин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Шайтон ва унинг дўстлари инсонларни адаштириш учун турли макр ҳийлаларни қилишади. Ўшалардан бири инсонларни соддалиги, илмсизлиги, дин ва унинг арбобларига ҳақиқатини билмасдан муҳаббат қилишларидан фойдаланишдир. Бу каби билса ҳазил билмаса чин қабилидаги зиёратгоҳлар жуда кўп. Ундан кўзланган мақсад халқни ширкка чақириш ва моддий фойда олиб қолишдир. Юртимизда ҳам бу каби зиёратгоҳлар жуда кўп. Самарқандда эса саҳобалардан Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари бор деган маълумот бор. Ундан бошқа бирорта саҳоба ҳақида қатъий маълумот йўқ. Ҳазрати Алийнинг қабрлари бўлиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 02:45 | Савол-жавоблар | 142 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar