Хайвон гўштларини истеъмоли ҳақида

Ассалому алайкум! Қуйидаги жумлаларга ойдинлик киритиб берсангизлар, тўғрими? Бу озгина тортишувга сабаб бўлмоқда, телеграммга чиқарманглар илтимос. Товуқ гўштини нега хуш кўрмайман, десам, шунга бўлса ажабмас. Машҳур тарихчи Ибн Холдун муқаддимасида шундай дейди: "Араблар туя гўшти еди ва ундан ғайрат ва қўполликни олишди. Турклар от гўшти еди ва ундан қувват ва қўполликни олишди. Оврўпаликлар тўнғиз ейишди ва ундан дайюсликни олишди. Занги(негр)лар маймун ейишди ва ундан мусиқага муҳаббат олишди". Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: "Ким ҳайвонларнинг қай бир турини ейишга одатланса, унинг табиати ва хулқидан касб қилади. Агар доимий озуқаси шу бўлса, ўшанга ўхшашлик кучли бўлади". Бугунги кунда аксарият товуқ гўштини ейишга одатланганидан бўлса ажабмас, фойдасиз гап сўзлар, бақир-чақирлар, ғийбату-миш-мишлар кўпайди.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! Бу гаплар бир фикр, айнан шундай бўлади дейилмайди. Бу нарсаларни Яратувчининг Ўзи ҳал қилиб бўлган. Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида марҳамат қилади.  الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِندَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُم بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَآئِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالأَغْلاَلَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آمَنُواْ بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُواْ النُّورَ الَّذِيَ أُنزِلَ مَعَهُ أُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ۝ 157. Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий Набий, Расулга эргашурлар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар – ана ўшалар зафар топувчилардир».
«…уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган…»
пайғамбар эканликларидир.
Бу ҳам барча учун умумий қоида. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани ҳалол қилган бўлсалар, ўша нарса покдир. Пок нарса эса, шубҳасиз, фойдалидир. Пайғамбаримиз ниманики ҳаром қилган бўлсалар, демак, улар Ислом шариати ҳаром қилган нарсалар бўлиб, ҳаммаси нопокдир. Нопок нарса зарарлидир. Унинг зарари дарҳол кўриниши ёхуд бир оз фурсатдан кейин намоён бўлиши мумкин. Шунингдек, бир неча авлоддан кейин ҳам зоҳир этиши эҳтимол. Шунинг учун турли андишаларга бормай, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалардан доимо хазар қилиш, улардан узоқда бўлиш шарт. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 04:50 | Савол-жавоблар | 142 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar