2 марта жаҳл устида талоқ берилган

Ассалому алайкум! Аллоҳ рози бўлсин сизлардан. Ушбу саволни опачамдан бир дугоналари билиб беришимни сўраб мурожаат қилибдилар. Олдиндан раҳмат. 2 марта жаҳл устида талоқ берилган, 3-си кўп марталаб кет йўқол деган калималар жаҳл устида бўлган. Шунда талоқ 3марта бўладими? Бошқа яшашга йўл қолмайдими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! “Бор йўқол” сўзидан талоқ қилишни ният қилган бўлсангиз талоқ тушади. Агар  “Бор йўқол”  сўзидан “менга бунақа гапларни гапирма, нарироқ тур” дейишни ирода қилган бўлсангиз талоқ тушмайди. Саволингизга "Кифоя" китобидан иқтибос келтирамиз.
Кинояли талоқ унинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир.
Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатадиган лафзни хотинига нисбат бериб ишлатилади.
«Бас», «чиқ», «кет», «тур» кабиларда рад ва жавоб эҳтимоли бор.
Яъни хотиннинг саволини рад қилиш ёки ижобий жавоб бериш эҳтимоли бор.
«Холисан», «бегонасан», «ажрагансан», «кесилгансан» ва «ҳаромсан»га ўхшашларда сўкиш эҳтимоли бор.
Яъни «яхшиликдан холисан», «тоатдан бегонасан», «тўғри йўлдан ажрагансан», «яхши ахлоқдан кесилгансан», «суҳбатга ҳаромсан» кабилар бўлиши мумкин.
«Сана», «бачадонингнинг тозалигини бил», «сен биттасан», «сен ҳурсан», «ихтиёрингни қилавер», «ишинг ўз қўлингда», «йўлингни очиб қўйдим» ва «сендан ажрадим» кабиларда иккисининг ҳам эҳтимоли йўқ.
Яъни жавобнинг ҳам, сўкишнинг ҳам эҳтимоли йўқ. Бунга ўхшаш лафзларда талоқнинг ёки бошқа нарсанинг маъноси бўлиши мумкин.
Масалан, «Санайвер», деганда «Аллоҳ таолонинг сенга берган неъматларини сана», деган бўлиши ҳам, «Талоқсан, иддангни сана», деган бўлиши ҳам мумкин.
Шунингдек, «Бачадонингнинг тозалигини бил»да «Агар тоза бўлса, талоқ қилмоқчиман» маъноси ҳам, «Сени талоқ қилдим, энди бачадонингнинг тозалигини билгин» леган маъно ҳам бўлиши мумкин.
«Сен биттасан», деганда «Сен биттасан, сендан бошқа йўқ», деган бўлиши ҳам, «Сен битта талоқсан», деган бўлиши ҳам мумкин.
«Сен ҳурсан», деганда «Сен чўриликдан ҳурсан», деган бўлиши ҳам, «Сен никоҳ боғланишидан ҳурсан», деган маънода гапирган бўлиши ҳам мумкин.
«Ихтиёрингни қилавер»да «Хоҳлаган ишингни қилавер», деган бўлиши ҳам ёки «Талоқда ихтиёрингни қилавер», деган бўлиши эҳтимол.
«Ишинг ўзингнинг қўлингда», деганда «Билган ишингни қилавер», деган бўлиши ҳам ёки «Талоқ иши сенинг қўлингда, хоҳласанг, ўзингни ўзинг талоқ қилавер», деган бўлиши ҳам эҳтимол.
«Йўлингни очиб қўйдим» ва «Сендан ажрадим»да маъно ойдин.
Бас, ризоликда ҳаммаси, ғазабда аввалги иккиси ва талоқ музокараси бўлиб турганда биринчиси ниятга қараб бўлади.
Мазкур жумлалардан киноя лафзлари уч қисмга бўлиниши билинади:
1. Хотиннинг талоқ ҳақидаги саволига жавобнинг эҳтимоли бор лафзлар.
2. Сўкиш эҳтимоли бор лафзлар.
3. Мазкур икки маънодан бошқа маъноларнинг эҳтимоли бор лафзлар.
Шунингдек, киноя лафзларининг айтиладиган ҳолатлари ҳам уч хил бўлади:
1. Розилик ҳолати.
2. Fазаб ҳолати.
3. Талоқнинг музокараси бўлиб турган ҳолат.
Агар киноя лафзларининг уч тури ҳам розилик ҳолатида, ғазаб ёки талоқ тўғрисида гап-сўз бўлмай туриб айтилган бўлса, талоқ тушмайди. Аммо эр: «Мен бу гапни талоқ нияти билан айтдим», деса, талоқ тушади.
Агар ғазаб, уруш-жанжал ҳолати бўлса, биринчи ва иккинчи қисмдаги лафзлар билан дарҳол талоқ тушмайди, балки эрнинг ниятига боғлиқ бўлади. Талоқни ният қилган бўлса, тушади, бўлмаса, йўқ. Аммо ғазаб ҳолатида «санайвер» каби саволга радни ёки сўкишдан бошқа маънони ифода қиладиган лафзларни айтганда талоқ тушади. Мазкур лафзларни ғазаб устида айтган эр кейинчалик: «Мен талоқни ният қилмаган эдим», деса, гапи қабул қилинмайди.
Эр-хотин орасида талоқ масаласи ўзаро баҳс қилиб турилганда эр мазкур уч хил лафзлардан бирини айтса, биринчи тоифадаги лафзларда ниятига боғлиқ бўлади. Қолган иккисида тўғридан-тўғри талоқ тушаверади.
Бас, агар учтани ният қилган бўлса, улар тушади. Ундан бошқа ҳолатда бир боин талоқ тушади.
Киноя лафзларини айтган киши уларни айтаётган пайтида уч талоқни ният қилган бўлса, уч талоқ тушади. Аммо ҳеч нарсани ният қилмаган, бир ёки икки талоқни ният қилган бўлса, бир боин талоқ тушади.
«Идда сана», «бачадонингнинг тозалигини бил», «сен биттасан»ларда бир ражъий талоқ тушади.
Байнуна ва ҳурматни эрга нисбат бериш билан ҳам боин талоқ тушади. Эрга талоқ нисбатини бериш билан тушмайди.
Эр хотинига: «Мен сенга боинман» ёки «мен сенга ҳаромман», деса ва талоқни ният қилса, талоқ тушади. Аммо эр «Мен сенга талоқман», деса, тушмайди. Чунки талоқни эрга нисбат бериб бўлмайди. Уни фақат аёлга нисбат берилади. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 04:57 | Савол-жавоблар | 247 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar