Баъзи мулоҳазалар ва таклиф

Ассалому алайкум азиз устозлар! Баъзи савол ва мулоҳазалар билан сизларга мурожаат қиляпман! 1. Масжидларда баъзи намозхонлар кирган заҳоти ёки масжид ўртасида ҳеч қандай мулоҳазасиз сутра қоўмай намоз ўқиётган бўлишади [мен имкон қадар уларнинг олдига сутра қўйиб қўяман]. Кўпчилик, афсуски айнан кўпчилик уларнинг олдидан кесиб ўтиб кетаверади. Ваҳоланки, бу катта гуноҳ! Бу ҳол айниқса, пешин намози пайтида ачинарли тус олади. Суннатни бироз кечикиб бошлаганларнинг аксарининг олди иқомат айтила бошлагач очилиб қолади ва ўнлаб одамлар уларнинг олдини кесиб ўтади. Баъзилар шундай ноқулай жойлашганки, аввалги сафларни тўлдириш учун ўта олишингиз қийин бўлади. Буёқда олдинги саф тўлмаганини кўриб туриб кейинги сафда намоз бошлай олмайсиз. 2. Масжидда жаноза намозига сафланаётганимиздаги ҳолатни кўриб афсусланиб кетаман. Бухорийлар авлодиман деб кўкрагига ураётган халқимизни тўғри сафлаш учун имом домлаларимиз беш дақиқача овора бўлишади. На бу жамоат биладигандан сўраб сафга туришни билади. Шуларни оўлаб сиз устозларга бир таклифим бор эди: масжидларимизнинг кўринарли жойларида катта қилиб жамоат намози одоби, сутра қоўиш, сажда қилинадиган жойни имкон қадар босмаслик, сафни тўғри олиш каби масалалар ёритилган фостер[плакат] лар қоўилса, таҳоратхоналарга эса таҳорат тартиби ва баъзи ҳукмлари ёзилса қандай бўларкин? Ҳарҳолда мен “Минор”, “Мирза-Юсуф” каби масжидларда бундай қўлланма кўрмадим. Ёки, имом-домлаларимиз жумá маърузасида 3-4 дақиқа шу мавзуда маълумот берсалар яхшироқмиди? Шу ўринда майда-чуйдалар билан ўралашиб қолмадиммикин деган ўй пайдо бўлиб ҳам қолади ўзимда. Муҳтарам устозлар агар шу оўим тўғри бўлса, илтимос огоҳ қилинглар! Сизу-биздан Аллоҳ рози бўлсин! Омин!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! Тўғри мулоҳаза қилгансиз. Аслида имом домлаларнинг ишлари ҳам ўқитувчиларнинг ишларидан кам бўлмаса керак. шундай бўлсада, бу каби масалалар доимий равишда намозхонлар қулоқлари остида такрорланиб туриш керак. Чунки масжид ичи имомларнинг меҳнат қилиш жойи ҳисобланади. Сафларни тўғрилиги, азон, такбир барчаси уларнинг вазифаси ҳисобланади. Бунинг ечими бу масалани такрор-такрор айтиб туришдан бошқа нарса эмас. Исломда майда деган нарса йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу каби ишлар қанчалик муҳим эканлигини баён қилиб: سَمِعْتُ النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ يَقُولُ: قَالَ النَّبِيُّ  : لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ  Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё сафларингизни текислайсизлар, ёки Аллоҳ юзларингизни бир-бирингиздан буриб қўяди», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 05:00 | Савол-жавоблар | 177 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar