Расмли кийимда намоз ўқиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, бир кийимнинг олди тарафида бир ҳайвоннинг сурати туширилган бўлса ўша кийимда намоз ўқиса бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! Намоз макруҳлик билан адо бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғайб оламини ҳам кўрсатилар эди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳасиз, мен жаннатни кўрдим ва бир шингил узум олмоқчи ҳам бўлдим. Агар уни олганимда, дунё тургунича ундан ер эдингиз. Менга дўзах ҳам кўрсатилди. Бугунгидек даҳшатли манзарани асло кўрмаганман. Унинг аксар аҳли аёллар эканини кўрдим», дедилар. «Нима учун, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот: «Куфрлари туфайли», дедилар. «Аллоҳга куфр келтирадиларми?» дейилди. У зот шундай дедилар: «Эрларига куфроналик қилишади, яхшиликка куфроналик қилишади. Агар улардан бирига умр бўйи яхшилик қилсанг-у, сўнгра сендан бирон (ёқмайдиган) нарса кўрса, «Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим», дейди» дедилар” дейилган. Яна бир ҳадисларида: عَنْ عَائِشَةَ رَضِي اللهُ عَنْها قَالَتْ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْاِلْتِفَاتِ فِي الصَّلَاةِ، فَقَالَ: هُوَ اخْتِلَاسٌ يَخْتَلِسُهُ الشَّيْطَانُ مِنْ صَلَاةِ الْعَبْدِ  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳақида сўрадим. «У – шайтон банданинг намозидан уриб қолишидир», дедилар» дейилган. Кишининг ҳар бир амали охиратда бир шакли ва мисоли бўлади. Масалан ҳадисларда қиёмат куни Қуръон гўзал бир йигит суратида келиб қорийни жаннатга олиб кириб кетиши айтилган. Шунга биноан камчилик, ҳаром ёки макруҳлар билан адо қилинган намоз ҳам баднамо кўринишда бўлиб қолади. Ҳаким Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ тутилган рўзани кўринишини сифатлаб: “Тиловатсиз, зикрларсиз ва ғийбатлар билан тутилган рўза соқов, номаҳрам ва ножоиз нарсаларга қараб тутилган рўза кўзи ожиз, шариат ман қилиган насаларни эшитиб тутилган рўзалар кар, садақотсиз тутилган рўза қўли шол, масжидга жамоатга қатнамасдан тутилган рўза оёғи шолдек бўлади. Шунда ҳам фарз соқит бўлиб торози босишини умид қилинади” деганлар. Шунинг учун намозни фарз ва вожибларини ўз ўрнига қўйиб, саннатларини тўлиқ адо қилиб, макруҳларидан тийилиб намозни адо қилиш керак. (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Намозда турган киши атрофга қарашни “шайтон ўша қаровчининг намозидан ўғирлаш” деганлар. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 05:04 | Савол-жавоблар | 152 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar