Сурларни ўқиш

Ассалому алайкум! Ким жума куни "Каҳф" сурасини ўқиса юзидан нур чиқиб туради деган шу ҳадис саҳиҳми? Кейин “Духон” сурасини ўқишни тавсия қилади. Бу ҳам ҳадисда келганми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَفِظَ عَشْرَ آيَاتٍ مِنْ أَوَّلِ سُورَةِ الْكَهْفِ عُصِمَ مِنَ الدَّجَّالِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: مَنْ قَرَأَ ثَلَاثَ آيَاتٍ مِنْ أَوَّلِ الْكَهْفِ عُصِمَ مِنْ فِتْنَةِ الدَّجَّالِ. وَفِي رِوَايَةٍ: مَنْ حَفِظَ مِنْ خَوَاتِيمِ سُورَةِ الْكَهْفِ عُصِمَ مِنَ الدَّجَّالِ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким «Каҳф» сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида:
«Ким «Каҳф» сурасининг аввалидан уч оятини ўқиса, Дажжолнинг фитнасидан сақланади», дейилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Ким «Каҳф» сурасининг охиридан ёдласа, Дажжолдан сақланади», дейилган.عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ سُورَةَ الْكَهْفِ لَيْلَةَ الْجُمُعَةِ أَضَاءَ لَهُ مِنَ النُّورِ ما بَيْنَ الْجُمُعَتَيْنِ. وَفِي نُسْخَةٍ: أَضاءَ لَهُ النُّورُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْبَيْتِ الْعَتِيقِ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّАбу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким «Каҳф» сурасини Жумъа кечасида қироат қилса, унга икки Жумъа орасича нур зиё сочади», дедилар».
Бошқа нусхада:
«У билан Байтул Атийқ орасича нур зиё сочади», дейилган.
Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, кўпчилик Жумъа куни «Каҳф» сурасини қироат қилишни одат қилиб олган. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи «Каҳф» сурасини Жумъа куни қироат қилиш мандуб», деганлар. «Каҳф» сураси ҳақида Пайғамбаримиз соллАллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадиси шариф ривоят қилинган. Улардан баъзиларини эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтадилар: «Ал-Барроснинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим: «Бир киши «Каҳф» сурасини ўқиди. Ҳовлида ҳайвон бор эди. Ҳайвон безовта бўла бошлади. Одам қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, у зот: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар. Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини Жумъа куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки Жумъа орасидаги хатолари кечирилади», деганлар. Шу маънода бир-бирини қувватловчи ҳадислар анчагина келган. «Каҳф» сурасини ўрганиб чиққанимиздан кейин бу сурани тез-тез ўқиб туришга тарғиб этувчи ҳадисларнинг аҳамиятини яна ҳам кўпроқ тушунамиз. Чунки бу сураи каримада ҳар бир инсон ҳаёти давомида учраши мумкин бўлган фитналар, мол-дунё ишқи, дунё ҳодисалари ва бошқа фитналар ҳақида, улардан четлашиш зарурлиги хусусида баҳс юритилган. Демак, ҳар бир инсон мазкур фитналардан омон юриши учун ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар куни «Каҳф» сурасининг аввалидан ўн оят, ҳар Жумъа аввалидан охиригача тадаббур ила тиловат этиб туришни ўзига вазифа қилиб олса, жуда ҳам яхши бўлади.عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ ﭑ الدُّخَانَ فِي لَيْلَةٍ أَصْبَحَ يَسْتَغْفِرُ لَهُ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким «Ҳаа мийм» – «Духон»ни кечаси қироат қилса, тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади», дедилар».
Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда «Духон»ни кечаси қироат қилса» деган жумлада қандай кеча экани айтилмаган. Бу қайси кеча эканини келгуси ҳадиси шарифдан билиб оламиз.وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ ﭑ الدُّخَانَ فِي لَيْلَةِ الْجُمُعَةِ غُفِرَ لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّЯна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким «Ҳаа мийм» – «Духон»ни Жумъа кечаси қироат қилса, у мағфират қилинади», дедилар».
Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ана энди аниқ айтилди. «Духон»ни Жумъа кечаси қироат қилган одам мағфират қилинар экан. Уламоларимиз ўша мағфират қилинадиган гуноҳлар сағира – кичик гуноҳлар эканини алоҳида таъкидлаганлар.وَلِلطَّبَرَانِيِّ: مَنْ قَرأَ ﭑالدُّخَانَ فِي لَيْلَةِ جُمُعَةٍ أَوْ يَوْمِ جُمُعَةٍ بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِТобаронийнинг ривоятида:
«Ким «Ҳаа мийм» – «Духон»ни Жумъа кечаси ёки Жумъа куни қироат қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», деганлар».
Шарҳ: «Духон» сураси фақат эртага Жумъа, деган кечаси эмас, Жумъа куни кундузи ўқилса ҳам бўлади. Уни ўша вақтда қироат қилган бандага Аллоҳ таоло жаннатда бир уй бино қилар экан. Имконини топган кишилар ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиб юрсалар, албатта, катта савобга эга бўладилар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 06:26 | Савол-жавоблар | 187 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar