Сув исроф бўлмаяптимикин

Ассалому алайкум! Тошкeнтда бувим яшайди. Ҳовлиларидаги огородга майда чуйда райҳонлар экилган. Ҳар куни «сув қўйиб қўй, қуриб қоляпти» дeйдилар. Экинларни суғоришга ичимлик сувини ишлатишга кўнглим бормайди, чунки инсонлар ичишга зор сувни қанақа қилиб ўсимликка қуяман? Ичимлик сувини қандай қилиб ўсимликка ишлатаман дeсам, дангасасан баҳона тўқийсан дeйдилар. Уй ёнвeрида ҳeч қанақа ариқ йўқ. Ҳар куни шуларни ичимлик суви билан суғориб сувни исроф қилиб қўймаётганмиканмиз?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Халқимизда бошқа юртлардаги инсонлар нон ушоқларига аҳамият бермасликларини кўп гапиришади. Бунга сабаб бизнинг юртларда нон бир вақтлар ўта танқис бўлганлиги, ўша кунлар қайта бошимизга келиб қолишидан қўрққанликлари учундир. Уларда эса сув шу даражада бўлган ва ҳозирда ҳам шундай бўлиб келмоқда. Сув танқислигидан сувнинг томчисини ҳам эъзозлайдилар. Биздагилар уларни нонни эъзозламасликларини гапиришади, лекин сувнинг томчиси ҳам азиз эканлигини ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Аллоҳ таоло “Такасур” сурасидаги “Сўнгра ўша Кунда албатта неъматланишдан сўраласиз” ояти нозил бўлганидан кейин саҳоба розияллоҳу анҳумлар “Таомимиз ҳурмо ва сувдан иборатку, нимадан сўраламиз” деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ўша ҳурмо ва сувдан сўраласизлар” деганлар. Саҳобалардан Саъад розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй Саъад бу исроф нимаси” дедилар. “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам” дедилар. Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва ҳаром бўлганидан кейин қолган нараларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исроф. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 06:59 | Савол-жавоблар | 128 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar