Савобларим фойда берадими?

Ассалому алайкум! Инсон намоз ўқимаса-ю аммо савоб амалларни қилса, унга бу амаллари учун қиёматда нима бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ النَّاسُ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ أَعْمَالِهِمُ الصَّلَاةُ، يَقُولُ رَبُّنَا عَزَّ وَجَلَّ لِمَلَائِكَتِهِ: - وَهُوَ أَعْلَمُ - انْظُرُوا فِي صَلَاةِ عَبْدِي أَتَمَّهَا أَمْ نَقَصَهَا، فَإِنْ كَانَتْ تَامَّةً كُتِبَتْ لَهُ تَامَّةً، وَإِنْ كَانَ انْتَقَصَ مِنْهَا شَيْئًا قَالَ انْظُرُوا هَلْ لِعَبْدِي مِنْ تَطَوُّعٍ؟ فَإِنْ كَانَ لَهُ تَطَوُّعٌ قَالَ أَتِمُّوا لِعَبْدِي فَرِيضَتَهُ مِنْ تَطَوُّعِهِ، ثُمَّ الزَّكَاةُ مِثْلُ ذَلِكَ، ثُمَّ تُؤْخَذُ الْأَعْمَالُ عَلَى حَسَبِ ذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلَاتُهُ، فَإِنْ صَلَحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ، وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ، فَإِنِ انْتَقَصَ مِنْ فَرِيضَتِهِ شَيْئًا قَالَ الرَّبُّ عَزَّ وَجَلَّ أَتِمُّوا فَرِيضَتَهُ مِنْ تَطَوُّعِهِ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга: «Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар у (намоз)дан бирор нарса камайган бўлса, У зот: «Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, «Бандамнинг нафл (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди. Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий келтирган лафзда: «Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) дуруст бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса камиб қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган. Шарҳ: Қиёмат куни отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қиз билан, қизнинг она билан, эрнинг хотин билан, хотиннинг эр билан иши бўлмайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳамма У куннинг даҳшатидан титрайди. Ҳамма ўзининг ҳоли қандай бўлишидан хавфда бўлади. Ҳамма ҳисоб-китобни кутади. Ана шу пайтда бандаларнинг бу дунёда қилган амалларининг ҳисоб-китоби бошланади. Банда дастлаб намоздан сўралади: «Сенга намоз фарз бўлганидан бошлаб қанча намоз ўқидинг?» «Қанча намозни қазо қилдинг?» «Қанча намозни тўлиқ ўқидинг?» «Қанчасини ўз вақтида ўқидинг» ва ҳоказо. Мана шунинг ўзи намознинг қанчалар аҳамиятли эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Келинг, ушбу улуғ ҳадиси шарифдан чиқадиган фойдаларни бирма-бир ўрганайлик: 1. Қиёмат куни одамларнинг энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намоздир. 2. Агар банда намозни бу дунёда ўз вақтида адо этган бўлса, у банда ютуққа эришади, нажот топади. Дўзах азобидан қутулиб, жаннатга киради. 3. Агар банда бу дунёда намозни ўқимаган ёки чала адо этган бўлса, шўри қурийди. У ўшал кунда ноумид бўлади, хусронга учраб, дўзахнинг энг қаъридан жой олади. 4. Аллоҳ таоло Ўзи билиб туриб, фаришталарга: «Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бу билан намозни тугал ўқиганларга иззат-ҳурмат кўрсатиш, қиёмат куни фаришталар ва бутун халойиқ олдида уларни шарафлаш бўлади. Шу билан бирга, намоз ўқимаганлар ва намозни тўлиқ ўқимаганларни шарманда қилиш юзага чиқади. Улар ўша кунда ҳамманинг олдида шармисору, хору зор бўладилар. 5. Фаришталар банданинг намозига назар соладилар. Агар намози тугал бўлса, «тугал» деб ёзиб қўядилар ва банданинг иши хурсандчиликка айланади. 6. Фаришталар назар солганида, агар намозидан бирор нарса кам бўлса, баъзиси ўқилмаган ёки камчилик билан ўқилган бўлса, унинг нафл намозидан олиниб, ўша камчилик тўлатилади. 7. Бунда нафл намознинг аҳамияти намоён бўлмоқда. Шунинг учун нафл намозни кўпроқ ўқиш керак. 8. Нафл намози йўқларнинг аҳволи чатоқ бўлиши. 9. Закотни тўлиқ ва ўз вақтида беришга тарғиб. 10. Закотнинг ками бўлса, қиёмат куни нафл садақалардан ўрни тўлдирилиши. 11. Ҳамма фарз амаллардан камчилик бўлса, ўша амалларнинг нафлидан ўрни тўлдирилиши. 12. Нафл ибодатларга тарғиб. Намозида камчилик бўлганларнинг ҳоли шу бўлса, умуман намози йўқларнинг ҳоли нима бўлишини ақли бор одам ўзи билиб олаверади. Иш шундай бўлганидан кейин бир ракъат фарз намозни ҳам қолдирмай, ўз вақтида яхшилаб ўқишимиз лозим. Бошқа вақтларда иложи борича кўпроқ нафл намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Токи, қиёмат куни шарманда бўлмайлик. Ҳисоб-китобимиз аввалидан яхши бошланишига муяссар бўлайлик. Намозимиз тугал чиқиб, ютуққа эришиб, нажот топиб, жаннатга мушарраф бўлайлик. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 08:23 | Савол-жавоблар | 152 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar