"Бисмиллоҳ" айтилмай сўйилган ҳайвоннинг гўшти

Ассалому алайкум! Мeн ҳозирда Корeяда ўқияпман. Бир кун рeстаранда мол гўштидан тайёрланган овқат буюртма қилсам бир танишим “бу мол гўшти ҳаром” дeб айтди. Нимагалигини сўрадим, у айтдики “бу мол “бисмиллоҳ” айтилмасдан сўйилган экан” деди. Бу нарсани биринчи марта эшитишим, шу гап ростми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагиларни айтади: وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُم مِّن شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ۝ «Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишоналаридан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Улар узра олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга мусаххар қилиб қўйдик. Шоядки, шукр қилсангиз». (36 оят). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг энг каттаси бўлмиш туя ҳақида сўз юритмоқда. «Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишоналаридан қилдик». Яъни, туяларни Аллоҳнинг динидаги улкан ибодатда қурбон этиладиган ҳайвонлардан қилдик. «Уларда сизга яхшилик бор». Туяларда одамлар учун кўплаб яхшиликлар бор. Керак бўлганида минадилар, юк ортадилар, маркабларга қўшадилар, сутини ичадилар, гўштини ейдилар, терисидан, жунидан фойдаланадилар, сотиб, моддий манфаат кўрадилар. Энг муҳими, уларни қурбонликка сўйиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қиладилар. «Улар узра олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг». Туя тик турган ҳолида, олд оёқларидан бирини бўйнига боғлаб туриб сўйилади. Бу ҳол араб тилида бир сўз билан «саваффа» дейилади. Демак, туяни қурбонликка сўйиш учун олд оёқларидан бирини боғлаб қўйган чоғда Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйиш керак. Яъни, «Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар. Аллоҳумма, минна илайка», деб туриб сўйиш лозим. 2. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида бундай дейди: وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَآئِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ۝ «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, у фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар». (121-оят). Уламо аҳлларимиз ушбу оятнинг тафсирида «Агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол», деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади. «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар». Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса ейиш мутлақо мумкин эмас. «Албатта, у фисқдир». Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни дин амридан чиқишдир. «Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар». Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти ҳақида ҳам талашадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермаслигингиз керак. «Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар». Аллоҳнинг гапини уқмай, ўзганинг гапига юрган одам мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Аллоҳнинг амрини тутмай, бошқанинг амрини тутган киши мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Ҳатто ҳайвонларни сўйишда Аллоҳдан бошқанинг амрини тутиш ҳам ширк ҳисобланади. Кофир бўлиш эса умуман бошқа кулфат. Мусулмон билан кофирнинг орасидаги фарқ жуда ҳам улкан. 3. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтадики: فَكُلُواْ مِمَّا ذُكِرَ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ إِن كُنتُمْ بِآيَاتِهِ مُؤْمِنِينَ۝ «Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!». (118-оят). Яъни, ҳақиқий мўмин бўлсангиз, Аллоҳнинг номи билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан озиқланинг. Кишининг ҳаётида озиқ-овқат муҳим ўрин тутганидан, хусусан, тановул қилинадиган таомнинг ҳалол бўлиши муҳимлигидан иймонни ўртага қўйиб, Аллоҳнинг номи зикр қилиниб сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейишга амр қилинмоқда: «Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» Бу эса «бошқасини еманг», деганидир. Воқеъликда баъзи одамлар эътиборсизлик ёки арзимас баҳоналар билан ҳалол ҳайвонларни сўйишда Аллоҳнинг номини зикр қилишни йўлга қўймасалар, бошқалари ундан ҳам арзимаган баҳоналарни рўкач қилиб, ўша гўштларни ейишни ўзига, фарзандларига раво кўрадилар. Аслида эса уларнинг бандалик бурчлари ҳалол-пок, Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштинигина ейишни тақозо этар эди. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 09:03 | Савол-жавоблар | 169 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar