Оят тафсири ҳақида

Ассалому алайкум! Зумар сурасининг учинчи оятининг тафсири тушинтириб бера оласизларми? Олдиндан раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! أَلَا لِلَّهِ الدِّينُ الْخَالِصُ وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاء مَا نَعْبُدُهُمْ إِلَّا لِيُقَرِّبُونَا إِلَى اللَّهِ زُلْفَى إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ بَيْنَهُمْ فِي مَا هُمْ فِيهِ يَخْتَلِفُونَ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ كَاذِبٌ كَفَّارٌ۝ 3. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир. Ундан ўзга валий тутганлар: «Уларга фақат бизларни Аллоҳга жуда ҳам яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Албатта, Аллоҳ улар орасида ихтилоф этаётган нарсалари бўйича ҳукм қилур. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас. Эй одамлар, огоҳ бўлинглар! Эсингиздан чиқмасин. Турли нарсаларга чалғиб қолманглар. «Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир». Дунёда ихлос қилиш лозим бўлган дин Аллоҳнинг динидир. Дунёда ихлос қилиш лозим бўлган шариат Аллоҳнинг шариатидир. Холис дин тавҳид динидир. Аллоҳнинг дини Исломдир. Аллоҳнинг Ўзига бўйсуниб, ибодат қилмаганлар турли йўлларда адашиб юрадилар ва Макка мушрикларига ўхшаб, ўзларининг гумроҳликларига турли баҳоналар тўқиб оладилар. «Ундан ўзга валий тутганлар: «Уларга фақат бизларни Аллоҳга жуда ҳам яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)». Мушриклар Аллоҳ таолонинг яратувчи Зот эканини, У Зот осмонлару ерни яратганини тан олардилар. Аммо ўша Холиқнинг тавҳидини, якка Ўзигина ибодатга сазовор эканини тан олмас эдилар. Ибодатда Унга турли бут ва санамларни шерик қилар эдилар. Улар ўзларича афсона тўқиб, «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», деб сафсата сотишарди. Фаришталарга турли ҳайкаллар ясаб, ўшаларга сиғинишарди. Кейин эса ўзларича, «Биз малоикаларга ибодат қилиш зарурлигидан эмас, улар бизни шафоат этиб, Аллоҳга жуда ҳам яқинлаштиришлари учун сиғинамиз», дейишарди. Бу ишлари эса ботил иш эди. Аллоҳнинг тавҳидига хилоф эди. Куфр ва ширк эди. «Албатта, Аллоҳ улар орасида ихтилоф этаётган нарсалари бўйича ҳукм қилур». Бу ҳол қиёмат куни бўлади. Бандалар ўзларича тавҳид ва бошқа ишларда ихтилоф қилиб, тортишган масалалари бўйича Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўз ҳукмини чиқаради. Аммо ҳозирдан адолат ўлчовини эълон этиб қўяди. Мисол учун, тавҳид масаласида қуйидаги қоида бор: «Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас». Ёлғончи ҳаммага ёлғон гапиради. Аллоҳнинг шериги бор, дейди. Фалончини рози қилсанг, Аллоҳ рози бўлади, у Аллоҳ ҳузурида сенга шафоат беради, дейди. Тавҳидга шак келтириб, Аллоҳга ширк келтиришга чақиради. Кофирлар эса Аллоҳга куфр келтирадилар. Албатта, Аллоҳ таоло ёлғончи кимсани ҳидоят қилмайди. Аллоҳнинг ҳидояти улкан неъматдир. Аллоҳ таолонинг бандасига берадиган мукофотидир. Бу мукофотни олиш учун шунга лойиқ бўлиш керак. Уни олишга рағбати борлигини билдириш керак. Яъни банданинг ўзи ҳидоятга эришиш учун интилиши лозим. Аллоҳ таоло унинг ҳаракатини тақдирлаб Ўз фазли, карами ила ҳидоят ато этади. Аммо Аллоҳ таоло ҳақида ёлғон гапирган, яратган Холиқ шаънига номаъқул сўз айтиб турган ёлғончи қандай қилиб бу улуғ мукофотга сазовор бўлсин? Ўзининг Роббини, Унинг ягоналигини рад этиб, фақат Унга сиғиниш лозимлигини инкор қилиб турган кофир бу олиймақом мукофотга қандай сазовор бўлсин?! (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 11:18 | Савол-жавоблар | 149 | Қуръони карим
|
Boshqa savol-javoblar