Яна ипак ҳақида

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, қудрати чексиз Аллоҳ бизларга тўғри йўлни кўрсатиш борасида қилаётган ишларингизга барака берсин. Эркак кишига ипак матодан бўлган кийим кийиш ҳаромлигини сизларнинг ёрдамингиз билан ўргандик. Саволим қуйидагича: 2013-йилда кийим дўконидан шим харид қилганман. Шимни нима матодан тикилганлигига қараганимда, шимни биркасида матонинг 10 фоизи ипакдан, 90 фоизи жундан деб ёзиб қўйилган экан. Лекин дўкондаги сотувчи ака кийсам бўлаверишлигини, чунки мато 100 фоиз ипакдан эмаслигини, балки ипак матонинг 10 фоизини ташкил этишини айтган эди. Ўша шимни харид қилиб ҳозирга қадар тўй маросимларга кийиб тураман. Табиийки баъзида шу шимда намоз ўқишга ҳам тўғри келади. Ушбу матосининг 10 фоизини ипак ташкил қиладиган шимни кийишим жоизми? Жоиз бўлмаса каффороти қандай бўлади. Ушбу шим кийиб ўқилган намозларчи? Ёрдамларингиз учун Буюк Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Эркак киши ипак киймайди. Илло, тўрт бармоқ миқдоридагиси мустасно. Эркак кишига ипак кийиш ҳаром эканига далил: عَنْ ابن عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُما، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ  مَنْ لَبِسَ الْحَرِيرَ فِي الدُّنْيَا، لَمْ يَلْبَسْهُ فِي الْآخِرَةِ  رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бу дунёда ипак кийса, охиратда уни киймас», дедилар».Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. وَخَطَبَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ بِالْجَابِيَةِ، فَقَالَ نَهَى نَبِيُّ اللهِ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنْ لُبْسِ الْحَرِيرِ، إِلَّا مَوْضِعَ إِصْبَعَيْنِ أَوْ ثَلَاثٍ أَوْ أَرْبَعٍ  رَوَاهُ الْخَمْسَةُ «Умар ибн Хаттоб Жобияда хутба қилди ва: «Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак кийишдан қайтардилар. Магар икки, уч ёки тўрт бармоқ миқдорича бўлса, майли», деди».Бешовлари ривоят қилишган. Ушбу ривоятдан кийимга ипакдан ямоқ солинса, белги учун юқорида зикр қилинган миқдорда ипак қўшилса, жоиз, деган ҳукм олинган. Бу гапга барча мазҳаблар ва уламолар иттифоқ қилганлар. Ипакдан ёстиқ ва тўшак қилса бўлади. Ҳанафийлар бошқа мазҳабларга хилоф равишда, шойи тўшакларга ижозат берадилар. «Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг гиламлари устига ташлаб қўядиган ёстиқлари ипакдан бўлган. Иккинчидан, устига чиқиб ўтириш ўша нарсани хорлашдек гап», дейдилар ҳанафий уламолар. Жонли нарсаларнинг расми бор матодан кийим кийиш ҳаром, лекин ўшандоқ нарсанинг устига ўтириш ҳалол қилинган. Ипак масаласи ҳам худди шунга ўхшайди. Эркак киши арқоғи ибрисимдан (ипакдан), кўндаланги бошқа нарсадан бўлганни кийса бўлади. Бунинг далили қуйидаги ривоятдан олинган: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ  إِنَّمَا نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنِ الثَّوْبِ الْمُصْمَتِ مِنَ الْحَرِيرِ، فَأَمَّا الْعَلَمُ مِنَ الْحَرِيرِ، وَسُدَى الثَّوْبِ، فَلَا بَأْسَ بِهِ  رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соф ипакдан бўлган кийимдан қайтарганлар, холос. Аммо белги учун ёки узун арқоқ(матони тўқилаётган вақтдаги бўйига тортилган иплар) учун ипак ишлатилган бўлса, ҳеч гап эмас».Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган. Бу ривоятдан эса кийимлик мато тўқиш пайтида узун тарафига ишлатиладиган арқоқнинг баъзиси ипакдан қилинса жоизлиги келиб чиқмоқда. Чунки бунда ишлатиладиган ипакнинг миқдори жуда ҳам оз бўлади. Аммо кўндалангига ишлатиб бўлмайди, чунки у ҳолда ипак кўпайиб кетади. Аксинчаси фақат урушда бўлиши мумкин. Яъни кўндаланги ипак, арқоғи бошқа нарсадан бўлган матодан тикилган кийимни урушдагина кийишга рухсат бор. رَوَى ابْنُ عَدِيٍّ فِي كَامِلِهِ، عَنِ الْحَكَمِ بْنِ عُمَيْرٍ وَكَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم  قَالَ رَخَّصَ رَسُولُ اللهِ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي لِبَاسِ الْحَرِيرِ عِنْدَ الْقِتَالِ Ибн Адий «Комил»ида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган Ҳакам ибн Умайрдан ушбу ривоятни келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушда ипак кийим кийишга рухсат бердилар», деган. Ёш болага тилла ва ипак кийдириш макруҳдир. Ўғил болалар чинакам эркак бўлиб ўсишлари лозим. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 12:44 | Савол-жавоблар | 150 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar