Талоқ ҳисобланадими?

Ассалому алайкум! Ёшим 27 да, 2 фарзандим бор. Эрим билан Россияда ишлаб юргандик, эрим ишга кетдим деб ойлаб яшаш жойимиздан бошқа шаҳарларга кетадиган одат чиқарди. Қайси шаҳарлигиниям аниқ айтмасди. Ҳатто телефониниям ўчирарди. Ойга бир кунга келганидаям болалар еб-ичиши учун пул бермайди. Кейинчалик бир танишидан менга хиёнат қилаётганини, рус хотин билан 3 йилдан бери яшашини билиб олдим. Ўзи тан олмайди, телефонидан ўша хотинни номерини топиб смс орқали гаплашдим. У хотин гапимни ростлигини маъқуллади. Ундан кейин келганида “зинокорсан” деб уйга қўймадим. Болам касал бўлганида телефон қилиб келишини хеч бўлмаса маблағ томондан ёрдам беришини айтдим. У бўлса “пул йўқ кечдим сенлардан” деди. Иш берувчисини топиб пул олаётганини билдим, ўйнаши эса пулларини унга берганини айтди. Бизга ўзимни дадам ёрдам беряптилар, болаларим ёш бўлишига қарамай бегона юртда оч қолмаслик учун ишлаяпман. Бу ишлардан кейин юртга қайтиб ажрим ва алюментга топширмоқчиман. Илтимос айтингчи эримни бу ҳаракатлари исломда мумкинми? Мен ундан ўз фарзандларимнинг ҳаққини сўрашга ҳақлиманми? Ман эримни уйга қўймаганим гуноҳга кирадими? Энг асосийси эрим айтган “кечдим сенлардан” деган сўз талоққа кирадими? Мени ажрашаман дейишим жойизми? Олдиндан раҳмат жавобизни кутаман.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бу каби масалаларни икки тарафнинг гувоҳлигида, жонли мажлисда кўриш керак. Иккинчи тарафни ҳам эшитмай, бирор аниқ гап айтиш қийин. Яқинингиздаги бирор аҳли илмга мурожаат қилинглар. Агар вазият худди сиз айтгандек бўлса, эрнинг “Кечдим сенлардан” деган гапи киноий талоқ бўлиб, бу эрнинг ниятига боғлиқ бўлади. Эр талоқ қўйишни ният қилган, ёки аёл талоқни сўраб турган ҳолат бўлса, талоқ тушади. Фарзандларингизни ҳаққини сўрашга ҳақлисиз. Эрингизни уйга қўймаганингиз гуноҳга киради. Эрнинг бошқа аёлга уйланиши талоқни сўрашга сабаб бўлмайди. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 12:46 | Савол-жавоблар | 158 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar