Шу маънода ҳадис борми?

Ассалому алайкум! Қуйидаги маънода ҳадис борми? "Агар киши ўзи диндан гапириб, лeкин ўзи амал қилмаса, охиратда тили оловли қайчида кeсилади‘. Яна эшитганмизки, "ким бир кишини яхши йўлга бошласа, унга ҳам савоби тeгади" дeб. Агар киши ўзи бир кишини яхши амалларга ўргатиб, ўзи ўшаларга амал қилмаса, бунда ҳам савоби тeгадими? Ўзи айтганларига амал қилмагани учун гуноҳ борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида : أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ وَأَنتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ أَفَلاَ تَعْقِلُونَ۝  44. Одамларни яхшиликка буюриб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақл юритмайсизларми?! Маълумки, яҳудийлар ва хусусан, уларнинг диний олимлари аҳли ширк бўлган арабларни самовий динга, янги келадиган Пайғамбарга эргашишга, китобга амал қилишга, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилишга ва бошқа кўпгина яхшиликларга чорлар эдилар. Вақти етиб, Аллоҳ Қуръони Каримни нозил қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни охирзамон пайғамбари қилиб юборганда, араб мушрикларидан кўплари иймон келтирдилар, аммо яҳудийлар ўзларини унутиб, кофир бўлдилар. Аслини олганда, улар иймонга аввалроқ киришлари керак эди. Чунки улар Аллоҳ таоло томонидан нозил қилиинган Таврот китобини тиловат қилиб турар эдилар. Унда эса сўнгги Пайғамбарнинг келиши тўғрисида хабар бор эди. Китобни, яъни илоҳий китобни тиловат қилиб, одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзини унутиш ақлдан эмас эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ояти кариманинг охирида: «Ақл юритмайсизларми?!» дея хитоб этиб, уларни ақлсизларга тенглаштиряпти. Аввал айтиб ўтганимиздек, бу ояти каримадаги хитоб фақат Бану Исроилга хос эмас, балки ҳаммага тегишлидир. Ўзи айтганига ўзи амал қилмайдиган дин уламолари ҳар бир уммат учун катта офатдир. Эътиборни жалб қиладиган, диний тус берадиган кийим кийиб олиб, чиройли-чиройли сўзларни танлаб, ширали овоз ила амри маъруф, наҳйи мункар қилиб, аммо айтаётганларига ўзи амал қилмайдиганлар ҳар бир жамиятда топилади. Айниқса, динни ўзларига касб қилиб олганлар хавфли. Улар эгаллаб турган мақомларини бой беришдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашлик қилишга тайёрлар. Уларнинг офати ҳаммага уради. Касофати умумийлашади. Дин номидан Аллоҳни, иймонни аралаштириб, яхшиликка чақирадиган, лекин ўзи унга хилоф иш тутадиганлар кишиларнинг қалбларидаги ҳис-туйғуларни оёқости қиладилар, фикрларини остин-устун қилиб, қалбларида ақийда ёққан шуълани ўчириб, иймон нурини кетказадилар. Шунинг учун ҳам илмига амал қилмайдиганларнинг бу дунё-ю у дунёда азоб-уқубатлари улкан бўлади. Имом Аҳмад Набий алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Аллоҳ таоло қиёмат куни саводсизларни уламоларни ҳимоя қилмаган нарсалардан ҳимоя қилади», дейилган. Баъзи ривоятларда: «Аллоҳ илмсиз кишини етмиш марта мағфират қилганда, олимни бир марта мағфират қилади», – дейилган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Қиёмат куни бир киши дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахилар уни ўраб олиб: – Эй Фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилмаганмидинг? – дейишади. Шунда у: – Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», – дейди», – деганлар. Имом Аҳмад Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Исро кечасида лаблари оловдан бўлган қайчилар билан қирқилаётган кишиларнинг олдидан ўтдим. – Анавилар кимлар? – деб сўрадим. – Умматингдаги аҳли дунё ваъзхонлар. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларини унутганлар ва ҳолбуки, китобни ўқир эдилар, ақлни ишлатмайдиларми? – дейишди». Аллоҳ шундай оқибатдан Ўзи сақласин. Айтганига амал қилиш, ақийдага мувофиқ юриб-туриш осон иш эмас. Бунинг учун сабр-матонат, тиришқоқлик керак. Энг муҳими – бандадан доимо Аллоҳ таолога боғлиқ бўлиш талаб этилади. “Соофф” сурасида ҳам марҳамат қилади : يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ۝ 2. Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсаларингизни гапирасиз?! كَبُرَ مَقْتًا عِندَ اللَّهِ أَن تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ۝ 3. Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг ҳузурида қаттиқ нафратга қолгандир. «Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсаларингизни гапирасиз?!» «Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг ҳузурида қаттиқ нафратга қолгандир». Ушбу оятдан айтганини қилмаганлар Аллоҳнинг энг ёмон кўрган кимсаларидан экани маълум бўлди. Аммо қилмаганини «қилдим» деб айтадиганларнинг ҳоли бундан ҳам ёмон бўлади. Афсуски, бизнинг жамиятимизда бу икки нохуш ҳодиса жуда ҳам ривожланган. Айтганини қилмайдиганлар ҳар қадамда учрайди. Қилмаганини «қилдим» деб айтадиганлар ундан ҳам кўп. Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Омирдан ривоят қилган ҳадисда Ибн Омир бундай дейди: «Болалигимда бизникига Набий алайҳиссалом келдилар. Ўйнагани чиқиб кетаётган эдим, онам: – Эй Абдуллоҳ, бери кел, бир нарса бераман, – дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: – Унга нимани бермоқчи эдинг? – деб сўрадилар. Онам: – Хурмо, – дедилар. Набий алайҳиссалом: – Агар айтганингни қилмасанг, сенга ёлғончилик бўлиб ёзилиб қолади, – дедилар». Айтганини қилиш кераклиги қанчалик муҳимлигини кўрдингизми? Ўзимизни ўнглаймиз, десак, айтганини қиладиган, аҳдига вафо этадиган, турли бўлмағур даъволардан четда турадиган бандалардан бўлишимиз зарур. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 12:59 | Савол-жавоблар | 180 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar