Воз кeчиш

Ассалому алайкум! Ёшим 19 да, мeн умримни фақат ибодатга бағишламоқчиман. Асосий муоммо шундаки, мeни умуман аёл зотидан кўнглим қолган ва бу дунёдан зино ва аёллардан пок ўтиб, фақат Аллоҳга ибодат қилмоқчиман. Аёллар мeнинг наздимда фақат бошга муоммо туғдиради. Шу вақтгача аёллар билан зино қилмаганман, Худога шукур ва бундан кeйин ҳам шундай ўтишини истайман. Саволим шуки, дунёда аёллардан воз кeчиб, ибодатда, тоқ  ўтишнинг гуноҳ жойи йўқми?
2-саволим: Бизда Типратикан гўштини соғлик учун кўп истeъмол қилишади. Типратикан гўшти ҳаром эмасми? Жавоблар учун олдиндан раҳмат, Аллоҳ паноҳига олсин сизларни.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَرَادَ عُثْمَانُ بْنُ مَظْعُونٍ أَنْ يَتَبَتَّلَ، فَنَهَاهُ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، وَلَوْ أَجَازَ لَهُ ذَلِكَ لَاخْتَصَيْنَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усмон ибн Мазъун бутунлай таркидунё қилмоқчи бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳий қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарлари бўлганлигини аввал ҳам бир неча бор айтиб ўтганмиз. Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуда ибодатга ажраб чиқиш майли жуда ҳам кучли бўлган. Ушбу фаслнинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб, уни оз санаб, кейин таркидунёчиликнинг уч хил турини танлаган уч кишидан бири ҳам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу эдилар. Ушбу ҳадисдаги «бутунлай таркидунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олган. Шунинг учун ҳам ровий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик», демоқдалар. Исломда бу иш жоиз бўлмаганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон киши учун яхши эмас, бу иш роҳиблик дейилади. Масиҳий дийнида ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишлари керак. Ундай ишни қилувчилар роҳиблар, қилаётган ишлари роҳиблик дейилади. Исломда эса роҳиблик йўқ. Исломда уйланиш ҳам ибодат ҳисобланади. Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром қилувчи ягона Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Уч кишидан иборат бир гуруҳ Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари олдига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келишди. Бу ҳақда хабар берилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари уларга оз кўринди ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар-у, биз қаёқдамиз, у зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар. Битталари: «Мен энди доимо кечаси билан намоз ўқиб чиқаман», деди. Иккинчиси: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан четда бўламан, ҳеч уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: «Сизлар шу-шу гапларни айтдингизми? Аллоҳга қасамки, ичингизда Аллоҳдан энг кўп қўрқувчингиз менман ва Унга энг кўп тақво қилувчингиз ҳам менман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким суннатимдан ўзини тортса, мендан эмас», дедилар. Шу билан Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб онт ичиш ёки вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда ҳеч кимнинг Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳаққи йўқлиги таъкидланди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 13:05 | Савол-жавоблар | 145 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar