Намоз олдини мажбур кесиш

Ассалому алайкум! Бешта қиз бир хонада яшаймиз ва жуда тиқилинч. Эшик қибла томонда. Мен олдимдан одам ўтмаслиги ва бошқаларга халал қилмаслик учун деворга яқин жойда, бир қизнинг оёғи учида ўқийман ва бошқалар ўтиб қайтиши учун орқамда жой қолдираман. Аммо битта қиз энг орқада ётади ва ўша ерда намозини ўқийди. Бир марта билмасдан ўтиб кетдим чунки хона ўртасига келмагунимча кўрмагандим, бошқа пайт эса кутиб тураман. Аммо қизлар бундан норози. Ўзи атай қиляпти, намоздан сўнг Қуръон ҳам ўқиб ўтиради деб, чунки кўп вақт кетади. Шунга мен у қизга девор тарафда ўқинг илтимос десам ҳам унамаяпти, ўтаверинглар бузилмайди деди, мен эса буни биламан бизга гуноҳ бўляпти десам, жаҳл қилиб сумкасини сутра қилиш учун отди. Нима маслаҳат берасизлар, бошқа пайтку кутиб тураверамиз эрталаб ўқишга кечикамизда. Ўзи рухсат берди деб ўтаверайликми, доим кутиб турайликми ёки қаттиқроқ гапирсак бўладими? Бу бўйича бир қанча маълумотлар ўқидим ва қуйидаги ҳадисни ўқигач мен ўйлагандан ҳам жиддий эканини англадим: Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирқ…гача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар. Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой, ёхуд йил, дедими билмай қолдим», деди».
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ораларингиздаги муносабатни бузмасдан сутра қўйиб масалани ҳал қилинглар. Валлоҳу аълам!

27 Июл 2022, 09:37 | Савол-жавоблар | 143 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar