Ўзгаларни сухбатини яширинча ёздириб олиш

Ассалому алайкум! Мен онамни кўргани қизлик уйимга тез-тез бориб тураман. Табийки Она бола ўртасида ўзаро сирлашиб гаплашиб ўтирилади. Шу пайтда ҳар сафар укамнинг ҳотини нималарнидур бахона қилиб кириб телефонини диктофонини ёқиб ёнимзга қўйиб кетаркан. Ойилавий муоммолар ҳақида кўп гаплашардик, синглимни турмуши бўлмай уйга қайтиб келган эди кўпроқ шуни қандай ечим қиламиз деб гаплашардик. Ёздириб олганларини онасига ва катта келинимизга эшиттирар экан. Билиб қолдик уйда катта жанжал бўлди. Укамга ҳотинини айбини айтсак бизни ёмон кўриб ҳотинини ёнини олди. Ҳозир укам билан муносабатимиз яхшимас. Лекин онам билан келинлани ғийбат қилмаган эдик. Шунчаки Ойилавий сирларимизи кўчага тарқатганига аччигимиз келди. Келинимизми қилган иши гунохми. Ҳозир ҳам паст келмай ота онамга бемалол қаттиқ гапириб юрипти. Қандай ёл тутайлик?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Келинингиз сизларнинг суҳбатингизни ўғринча эшитишга ҳаққи йўқ эди. Ўзгаларнинг суҳбатига уларнинг розилигисиз қулоқ тутишнинг оғир гуноҳлиги борасида ояти карима ва ҳадиси шарифларда ваъидлар ворид бўлган.
Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сураси 12-оятида «Жосуслик қилманглар», – деб бу қабиҳ ишдан қайтарган. Одатда, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини, ўзига билдирмай, яширинча излашга «жосуслик» дейилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг каромати, ҳурмати, иззати ва обрўсини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир. Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда поймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Бадгумонлик жосусликка йўл очишини айтиб ўтган эдик. Энди жосуслик ғийбатга йўл очишини айтмоқчимиз. Шунинг учун ҳам ояти каримада «жосуслик қилманг» деган.عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: مَنْ تَسَمَّعَ إِلَى حَدِيثِ قَوْمٍ، وَهُمْ لَهُ كَارِهُونَ، صُبَّ فِي أُذُنِهِ الْآنُكُ، وَمَنْ تَحَلَّمَ بِحُلْمٍ كُلِّفَ أَنْ يَعْقِدَ شَعِيرَةًИбн Аббосдан ривоят қилинади:
«Ким гаплашиб ўтирган қавмнинг гапига улар истамаган ҳолда қулоқ солса, (қиёмат куни) унинг қулоғига қўрғошин қуйилади. Ўзи кўрмаган тушни «Кўрдим», деб гапирган кишига (қиёмат куни) қилни боғлаш таклиф қилинади».
Шарҳ: 
Бир қавмнинг гапини уларга билдирмай, улар истамаган ҳолда эшитиб олиш жосуслик бўлади, бу эса Исломда жиддий жиноят ҳисобланади.
Кўрмаган тушни «Кўрдим», деб гапириш ҳам катта гуноҳ экан. Кўпчилик ўзини яхши кўрсатиш, бошқаларга тақводор, фазилатли қилиб кўриниш учун «Фалон-фалон тушларни кўрдим», деб гапиради. Бунинг қиёматдаги оқибати жуда ҳам оғир бўлар экан, Аллоҳ таоло Ўзи сақласин. (“Адаб ал-муфрад” китобидан). Валлоҳу аълам!

2 Август 2022, 21:52 | Савол-жавоблар | 167 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar