Ғайридин хаққига дуо

Ассалом алайкум! Кеча жумада бир йигит домлага берган хатида- бир русча исм фамилиялик одамни номини тилга олиб (Александр Николаевич Иванов- масалан), оламдан утганини, хеч кими йуклигини ва хаккига дуо килишни сураган эди. Домла "Миллати нима экан ..." дедилар. Кимдир "татар..." деди орадан. "Татар бўлса ўқиймиз ..."дедилар домла. (Домла менимча динини сўрамоқчи эдилар ...) Кейин қолган хатларни ўқишда давом этдилар ва орада "Ха Русмикан..." деб қўйдилар. Шу билан хамма хатларни ўқиб, умумий-жамоа билан дуо қилдик, лекин оламдан ўтган одамни хаққига дуо қилинмади. Саволим : Ғайридин оламдан ўтса хаққига дуо қилиш мумкин эмасми? (Бу саволим имомни айбини топиш учун эмас, ўзим учун билмоқчиман).
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Мумкин эмас. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида марҳамат қилади:مَا كَانَ لِلنَّبِيِّ وَالَّذِينَ آمَنُواْ أَن يَسْتَغْفِرُواْ لِلْمُشْرِكِينَ وَلَوْ كَانُواْ أُوْلِي قُرْبَى مِن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُمْ أَصْحَابُ الْجَحِيمِ۝113. Набийга ва мўминларга мушриклар учун, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, улар олов соҳиблари экани аён бўлганидан кейин мағфират сўрашлари дуруст эмасдир.
Ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад Ибн Мусаййибдан, у эса отасидан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда, унинг олдига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Эй амаки, «Лаа илааҳа иллаллоҳу», десанг, Аллоҳнинг ҳузурида сен ҳақингда дуо қиламан, – дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайялар эса: – Эй Абу Толиб, Абдулмуттолибнинг динидан юз ўгирасанми? – дедилар. У бўлса: – Мен Абдулмуттолибнинг динидаман, – деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Агар ман қилинмасам, сенинг учун истиғфор айтаман, – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло «Набий ва мўминларга мушриклар учун, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, улар дўзах соҳиблари экани аён бўлганидан кейин мағфират сўрашлари дуруст эмасдир» оятини нозил қилди». Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгаки рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Бу ерда иймон ва эътиқод алоқаси ҳамма алоқалардан устун туриши яққол кўриниб турибди. Мўмин киши учун иймони ҳамма нарсадан афзал, шунинг учун у аввало, иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди. Қон-қардошлик алоқаси эса бу жойда ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга мушриклар учун истиғфор айтиш жоиз эмаслигини баён қилувчи бу ояти каримадан кейин ўз-ўзидан бир ҳақли савол пайдо бўлади. У «У ҳолда нима учун Иброҳим алайҳиссалом ўзининг мушрик отаси учун истиғфор айтган?» деган саволдир. Арабистон ярим оролида, хусусан, Маккада Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари машҳур эди. Чунки қисса айнан шу ерларда бўлиб ўтганди. Маккаликлар ўзларининг Иброҳим алайҳиссалом динидан эканликлари билан фахрланар эдилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

4 Сентабр 2022, 11:39 | Савол-жавоблар | 152 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar