Жоме масжидимиздаги жума хутбасидаги гилам ҳақида

Ассалому алайкум! Масжидимиздаги жума хутбасига солинган гиламдаги шакллар диққатимни ўзига тортди. Наманган шаҳар, Нуробод МФЙ даги Имоми Аъзам масжиди жума хутбасидаги гиламда менинг фикримча махлуқлар расми бор. Масжид жамоасига кўрсатдим. Бош имом хатиб Иброҳим 30 пора Қуръон ёдлаган. Рамазонда ҳадмига ўтади. Бомдод намозидан сўнг гиламдаги шаклларни кўрсатдим. 2та айиқ борлигини тасдиқлади. Маҳаллани каттаси Жўрахон акага айтамиз, Жўрахон ака нима десалар шу бўлади, деди. Пешин намозидан сўнг Жўрахон ака, Иброҳим ва мен гиламни кўриб чиқдик. Фикримни билдирдим. Жўрахон ака агар сизга гилам ёқмаётган бўлса бошқа гилам солиб қўйинг дедилар. Бу гиламни кимдир савоб мақсадида олиб келган олинмайди, деди. Мен ҳеч қаерга гилам солмайман, солиш ниятим ҳам йўқ дедим. Мавзу менга гиламни ёқиш ёқмаслигида эмас, маҳлуқлар шакли ҳақида кетяпти десам, гапларини ўнглашди, устимдан кулди бу одам. 30 пора ёдлаган имом, жума кунлари маруза қилади, ҳеч қандай эътироз билдирмади. Шунга қараб ҳали ҳам намоз ўқиляпти. Шунчалик ҳам бўладими имом деган. Ширк ва бошқа гуноҳ деган иборалардан фойдаланмайман. Балки илмим озлиги учун нотўғри гапираётгандирман, лекин расм ва маҳлуқларга қараб, устига-устак масжидда жума хутбасида шундай гилам турса ҳам, намозхонлар қараб ўқиса бўлаверадими? Агар ўқиш мумкин бўлса, бу мавзу менинг учун ёпилади. Ҳозирча масжидга чиқиб турибман, сизларнинг жавобингизни олгунча. Менинг шахсий фикрим ҳаттоки уйда деворда расм бўлса ҳам, кийимда ҳам расм бўлса қараб ўқимаслик керак. Масжидга тўғриси чиқгим келади аммо маҳлуқлар сурати борлигини билиб чиқгим келмаяпти. Илтимос тўғри йўл кўрсатиб юборинг. Расмларни архив қилиб, гугл дискка дойладим, юклаб олишингиз керак. Ҳавола пастда. Раҳмат. https://drive.google.com/file/d/17oxLwcTYtoThlHZWPWOCWw6DAeTFPvwC/view
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ибодатларнинг дуруст бўлиши ва ҳар қандай кароҳият, шубҳа ва гумонлардан холи бўлиши учун ҳарислигингиз жуда яхши. Аммо бизга юборган суратларингизга қараганда у ерда бирор жонли нарсанинг сурати йўқ. Сиз чизиб кўрсатган услубда қаралса махлуқларнинг сурати бордек кўриниши мумкин, лекин бу кароҳият собит бўлиши учун етарли эмас. Бу тарзда қарайдиган бўлсак атрофдаги ҳар бир нарсада жонли жисмни кўришимиз мумкин бўлиб қолади. Динимиз эса енгиллик динидир. Тоқатдан ортиғига буюрмайди. Валлоҳу аълам!

21 Сентабр 2022, 00:59 | Савол-жавоблар | 130 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar