Зинокорни тавбаси

Ассалому алайкум! Баъзи манбааларда эшитиб ё ўқиб қоламиз зинокор аёл астойдил тавба қилса Аллоҳ ҳоҳласа кечиради экан. Мабодо ўша аёлни эри кечирмасачи(балки хабардордир балки бехабардир) шунда хам Аллоҳ ҳоҳласа кечирадими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Зинокор аёлнинг тавбаси қабул бўлиши учун унинг эридан розилик олиши шарт қилинмаган. Балки зино қилгани алоҳида гуноҳ, бу қабоҳат билан эрига зулм қилгани алоҳида гуноҳдир. Охиратда иккиси учун алоҳида сўроқ бўлади.
Баъзи кишилар истиғфор ҳақида айтилган фикрларни нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларнинг кечирилиши осон экан, деган хулосага келиши мумкин. Аслида эса ундай эмас. Бу масалада оғзаки гаплар кифоя қилмайди, балки содир бўлган гуноҳга сидқидилдан надомат чекиш, уни қайта такрорламасликка азму қарор қилиб, шу қарорга амал қилиш ҳам зарур.
Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак. Тавба – қайтиш демакдир. «Инсон тавба қилди» дегани «хатолардан, гуноҳлардан қайтди, аввал содир этган гуноҳларига надомат (афсус) қилди» деганидир. Қуръон тавбага катта аҳамият бериб, кўпгина оятларда уни эслатиб ўтади:فَمَن تَابَ مِن بَعْدِ ظُلْمِهِ وَأَصْلَحَ فَإِنَّ اللّهَ يَتُوبُ عَلَيْهِ إِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝ «Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Моида сураси, 39-оят).وَإِذَا جَاءكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِنَا فَقُلْ سَلاَمٌ عَلَيْكُمْ كَتَبَ رَبُّكُمْ عَلَى نَفْسِهِ الرَّحْمَةَ أَنَّهُ مَن عَمِلَ مِنكُمْ سُوءًا بِجَهَالَةٍ ثُمَّ تَابَ مِن بَعْدِهِ وَأَصْلَحَ فَأَنَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝ «Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирадиганлар келсалар, «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики, сиздан ким жаҳолат ила ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилса ва ислоҳ қилса, бас, албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деб айт» (Анъом сураси, 54-оят).
Кўпинча Қуръони каримда «истиғфор» ва «тавба» сўзлари кетма-кет келган: «Парвардигорингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг» каби. Чунки тавбага ундовчи нарса истиғфордир. Шулардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфиратини сўрашда тавба изҳор қилишдан бошқа йўл йўқ. Чунки гуноҳкор киши тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Модомики, у гуноҳларидан қайтмас экан, мағфират талаб қилишга имкони йўқ. Демак, истиғфор зарурий нарса бўлиб, тавба уни тўлдириб келади. Қуръон талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан дарҳол бажарилиши керак. Вақт ўтиб, ёмонликлар газак олиб кетмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوَءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِن قَرِيبٍ فَأُوْلَئِكَ يَتُوبُ اللّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللّهُ عَلِيماً حَكِيماً۝ «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиладир. Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир» (Нисо сураси, 17-оят).
Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига иккита шарт қўйган:
1. Ёмонликни билмаган ҳолда қилиш.
2. Тезда тавба қилиш.
Аммо ёмонликни ўзига одат қилиб олган ва ажали яқинлашганда тавба қилган кишининг тавбаси қабул бўлмайди. Бу ҳақда Нисо сурасида шундай дейилган:وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّى إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الآنَ وَلاَ الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ أُوْلَئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا۝ «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда: «Энди тавба қилдим», деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз» (18-оят).
Қуръон Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун тавба билан бирга яхши ишлар ҳам қилиниши кераклигини эслатади:وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِّمَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا ثُمَّ اهْتَدَى۝«Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра ҳидоятда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман» (Тоҳа сураси, 82-оят).إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا۝«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Фурқон сураси, 70-оят).
Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Кимки унга шошилса, ўзини ислоҳ қилган бўлади ва ёмонликни тугатишда катта кучга эга бўлади. Валлоҳу аълам!

4 Октабр 2022, 15:28 | Савол-жавоблар | 136 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar