Ота-она қарғиши

Ассалому алайкум! Аллоҳ таоло ширкдан бошқа хамма нарсани тавба қилса кечиради деб эшитганман. Ота она ўз ўғлини қарғиш қиса яни оқ қилса, ота онаси ўғли кечирим сўраса хам ўлганича кечирмай ўтиб кетса, Аллоҳга чин кўнгилдан тавба қилинса, шунда хам кечирилмайдими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло карим зот. Насуҳ тавба қилган бандасининг ҳар қандай гуноҳини кечиради. Банданинг қалбида гуноҳдан чин пушаймонлик ва сидқ пайдо бўлса бас. Аллоҳ таоло "Зумар" сурасида марҳамат қилади:قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ۝53. (Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.
Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги умидворлик бахш этувчи энг кучли оят ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.
Аввало, Аллоҳ таоло:
«Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим», деб бандаларига Ўз нисбатини бермоқда.
Аслида «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Бироқ, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларнинг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишини айтмоқда.
«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг
Унинг раҳмати жуда кенгдир. «Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар».
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки,
«Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради.
Аввал айтиб ўтилганидек, муфассирларимиз бу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят деб таъкидлайдилар ва айни пайтда бу умиднинг гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради, деган умид билан била туриб гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмай, аввал гуноҳ қилиб юрганлар ҳам мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтиляпти. Бу ҳақиқатни оятнинг нозил бўлиш сабабидан ҳам билдик. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

30 Октабр 2022, 12:54 | Савол-жавоблар | 278 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar