Қалбим моғорлашиб кетганки

Ассалому алайкум! Аввалом бор бу саволми ёки билмадим лекин айтмасам бўлмайди.Мен бундан 5-6 ой олдинги ҳаётимни соғиндим. Шу йил январида Данияга стажировкага келдим. Бошида Аллоҳнинг фарзларини бажаришда қойим бўлдим. Орадан бир икки ой ўттиямки сусткашлик бошланди. Аввало бир икки маҳални қазо қилдим, Қуръондан энг кўпи билан 10 бет ўқидим ҳафтада, кейин аста секин ҳаммасини ташладим. Ҳозир эса ўзим олдин жирканган ишларимни ҳам қилиб қўйябман (порно, истимно, яъни мастурбатсия) ҳаммасини. Қалбим ҳеч қандай ҳис туйғуни англамаябди. Худдики қанақадир бир театрда рол ўйнаётгандек. Ўзим шу ерда лекин бу ерда эмасдекман. Олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни яқинимда ҳис қилардим ҳозир ҳатто эсламайман ҳам. Аллоҳни зикр қилиш учун фақат аксирганда сабаб бўлябди. Қанақадир шокдаманки, ўша шокдан қутула олаяпман. Ота- онам ва яқинларим билан телефонда суҳбат ҳам эриш туюлади. Қалбим шунчалик моғорлашиб кетганки ҳеч қандай ҳис туйғуни англамаябди. Менимча ҳаммасини ёздим. Илтимос маслаҳат беринг
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Тақвоси ва қатъияти заиф инсонлар ғайриисломий муҳит ва жамиятга тушиб қолса шундай бўлади. Зудлик билан сиз ҳозир бўлиб турган ердаги аҳли илмлар, солиҳ ва тақводор кишиларни қидиринг. Масжид бор бўлса ўша ерга боринг. Имоми билан гаплашинг. Намозхонлар билан суҳбатлашинг. Улар билан дўст тутининг. Насуҳ тавба қилинг. Аллоҳга дуо қилиб гуноҳлардан тийилишга нусрат сўранг. Солиҳларнинг сафига қўшилинг ва уларни лозим тутинг. Аллоҳ таоло бу иш муҳим эканлиги учун ояти билан буюрган. Кўпроқ рўза тутинг, зикр ва истиғфорларда бардавом бўлинг. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида:يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ119. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар! деб марҳамат қилади. 
Ашраф Али Таҳонавийнинг охирги ўринбосарлари Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳининг муриди ҳикоя қилади : «Мен, бир биродаримиз ва устозимиз Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ билан бир устознинг зиёратига бормоқчи бўлиб, уйдан чиқдик. Борадиган жойимиз унчалик узоқ эмасди, лекин Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ кексайиб қолганлари учун таксига чиқсакмикин деб, уй олдида бир оз тўхтаб қолдик. Ўн-ўн беш қадам нарида бир такси турар, ҳайдовчиси эса бизни кузатиб турарди. Маслаҳатлашиб, таксида борадиган бўлдик. Ҳайдовчи у томон юрганимизни кўриб, машинасининг эшикларини очиб, бизни кутиб олди. Машинага ўтиргач, Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ «Аллоҳ таоло Ўзи ҳохлаган кишисини (пайғамбарликка) танлаб олур ва Унга илтижо қилувчи кишини ҳидоят қилур» деган оятни ўқиб, шундай дедилар: «Аллоҳ таоло пайғамбар, расул ва баъзи валий бандаларини улардан бирор ҳаракат бўлмай туриб ҳам Ўзига дўст қилиб олади. Шу тариқа улар Аллоҳ таолонинг муқараб бандаларига айланадилар. Бироқ, яна баъзи бандаларни Аллоҳ таоло мана шу ҳайдовчи каби кузатиб туради. Агар улар Аллоҳ таоло томон юрсалар, ҳайдовчи бизга машинасининг эшикларини очгани каби, Ўзининг раҳмат эшигини очади, Ўзи томон интилган бандаларни мақсадларига эриштиради. Агар бошқа йўлни ихтиёр қилишсалар, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяди», дедилар. Кун иссиқ эди. Ҳайдовчи машинанинг кондиционерини ёқиб қўйди, лекин машинанинг салони ҳадеганда совийвермади. Ҳайдовчи йўлдан кўзини узмай: «Бирортангиз томондаги ойна очиқ шекилли, илтимос, беркитиб қўйинглар», деди. Ростдан ҳам, шеригимиз томондаги ойна очиқ экан, уни беркитиб қўйдик. Ойналар ёпилгач, машинанинг ичи яна ҳам исиб кетгандек бўлиб, бироз беҳаловат бўлдик. Бироқ, сал ўтмай машинанинг ичи салқин бўлиб қолди, жонимиз кириб, баданимиз роҳатланди. Шунда Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ “Раъд” сурасидаги «Иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» оятини ўқидилар, сўнг «Иссиқ кунда ҳамма сўлим-салқин жойга қочади. Бироқ, Аллоҳнинг зикри қалб учун салқин жойдан-да роҳатлироқдир. Зикр – гўё иссиқдан беҳаловат бўлган қалбнинг кондиционеридир. Лекинالعينان نافذتا القلب  «Кўзлар қалбнинг деразаларидир» дейилган. Агар инсоннинг кўз деган ойнаси ҳаромдан, қулоқ деган ойнаси беҳуда гап-сўзу шайтоннинг нағмаларидан, оғиз деган ойнаси ғийбату бефойда сафсаталардан ёпилмас экан, зикр қалбга ором бағишлай олмайди», дедилар».
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Қайси бир мусулмоннинг назари бирор аёл кишининг чиройига тушиб, ундан кўзини юмса, Аллоҳ у учун ҳаловатини топадиган ибодатни беради” дедилар». Ҳадиси қудсийда:“Номаҳрамларга қараш Иблиснинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким мендан қўрққанлигидан ўша қарашни тарк қилса, эвазига қалбида ҳаловатини топадиган иймонни ато қиламан” дейилган. 
Табароний ва имом Ҳоким ривояти. Валлоҳу аълам!

4 Сентабр 2023, 21:37 | Савол-жавоблар | 0 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar