Жума хутбаси бошланиши билан фаришталар

Ассалому алайкум! Бир хадис эшитдим жумъа хутбаси хақида излаб тополмадим. Имкони бўлса шу хадис хақида маълумот берсангиз. "Жума хутбаси бошланиши билан фаришталар жумага келувчилар рўйхатини ёзишни тўхатади" Шунақа хадис борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنِ اغْتَسَلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ غُسْلَ الْجَنَابَةِ، ثُمَّ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الْأُولَى فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَدَنَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّانِيَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَقَرَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّالِثَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ كَبْشًا أَقْرَنَ، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الرَّابِعَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ دَجَاجَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الْخَامِسَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَيْضَةً، فَإِذَا خَرَجَ الْإِمَامُ حَضَرَتِ الْمَلَائِكَةُ يَسْتَمِعُونَ الذِّكْرَ .رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Жумъа куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, худди туяни қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди қорамолни қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқорни қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, худди товуқ қурбонлик қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, худди тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Имом 
(хутбага) чиққанда, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлурлар», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Жума намози учун ғусл қилиш ва унга эрта бориш қанчалик савобли иш экани ажойиб услуб билан баён қилинмоқда.
«Жунубликнинг ғуслини қилса» дейилгани, жунубликдан қандоқ қилиб ғусл қилса, Жума учун ҳам шундоқ ният ва амаллар билан ғусл қилиш лозимлиги тушунилади.
Ҳадиси шарифдаги «соат»дан уламоларимиз фалакий соатларни тушунганлар.
Демак, Жума кунининг тонгидан то Жума намози вақти киргунча бўлган соатларнинг аввалгисида борганлар худди туя сўйиб, хайру эҳсон қилган кишининг савобини олади. Кейинги соатларда борганлар учун эса бериладиган савобнинг ҳажми кичрайиб бораверади.
Ҳадиси шарифнинг охирида Жума куни ва намозининг яна бир улкан фазли – имом хутбага чиққанида уни тинглаш учун фаришталар ҳозир бўлиши ҳақида сўз бормоқда.
Демак, Жума намозига нафақат мусулмон бандалар, балки, фаришталар ҳам қатнашар экан. Албатта, бундоқ жамоат энг хайрли, энг баракали, энг файзли жамоат бўлади. Бундоқ жамоатга ювиниб-таранмай яхши кийимларини киймай, хушбўй нарсалар сепмай бориб бўлмайди. Бундоқ жамоатга қанча эрта борса, шунча яхши. Унга ҳеч кеч қолиб бўлмайди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

4 Октабр 2023, 11:02 | Савол-жавоблар | 0 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar