Аввал қазо ўқиладими ёки фарз

Ассалому алайкум! Агар уйда ўтирган пайтим, эсимдан чиқиб шом намозни қазо қилиб қўйсам, унан кейнги хуфтон намоз вахти кирган бўса, аввал қазо намоз ўқиладими ёки фарз намозми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Соҳиби тартиб бўлсангиз (қазолар сони беш фарз ва витрдан ошмаган киши) аввал шомни ўқийсиз. Агар ундай бўлмасангиз, жамоат кутиб турган бўлса аввал хуфтонни жамоат билан ўқийсиз. Жамоатда бўлмасангиз аввал шомни ўқишингиз мустаҳаб.
Беш фарз ва витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси қолдирилганда тартибга риоя қилиш фарздир. 
Хандақ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлари юқоридаги ҳадисда зикр қилинди.
Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса, ёхуд олтитадан зиёда бўлса, бундан мустасно.
Тартибга риоя қилиш уч сабаб ила соқит бўлади:
1. Вақтли намознинг ўтиб кетиш хавфи.
2. Қазоларнинг олтидан кўп бўлиши.
3. Адо пайтида қазони унутиб қўйиш.
Агар қазо намозлар ададини билиб бўлмайдиган даражада кўп бўлиб кетса, зиммасидагини адо қилганига кўнгли тўлгунча қазони ўқийди. Ўзига осон бўлиши учун аввалги ўқимаган намозини ва охирги ўқимаган намозини тайин қилиб олиб, ўшанга қараб ўқийверади.
Бошқа намозлар қатори, қазо намозини ҳам қуёш чиқаётганида, қиёмда турганида ва ботаётганида ўқиб бўлмайди.
Аммо бомдод ва асрдан кейин нафл ўқиш мумкин бўлмаса ҳам, қазо ўқиш мумкин.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!

28 Октабр 2023, 13:58 | Савол-жавоблар | 0 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar