Ҳайздан покланган аёлга ғусл қилмасидан яқинлик қилиш

Ҳазрат, оилавий бўлгандан сўнг саволлар ҳам ўзига хос тарзда пайдо бўлаверар экан. Саволим: Аёли ҳайз, нифоси тугагандан сўнг ғусл қилишга улгурмай (лекин авратларни ювиб поклаган холос) туриб унга яқинлик қилишига рухсат борми? Ғуслга улгурмаслигининг сабаби турлича, масалан: вақт тиғизлиги (эри сафарга отланган ёки намоз вақти ўтиб кетиши), ҳавонинг совуқлиги (қайта-қайта ғусл касалликка олиб келиши хавфи) ва ҳоказо.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Ҳайз ва нифоснинг кўпидан кейин қони тўхтаган аёлга ғуслдан олдин яқинлик қилиш ҳалолдир. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар», деган (222-оят). Бу оятдаги пок бўлиш икки хил маънони: ҳайз тўхташи ва ҳайз тўхтаганидан кейин ғусл қилишни англатади. Аёл ўн кун ҳайзли бўлганидан кейин унинг эрига ён босиб биринчи маъно олинади. Аммо ғусл қилгунча кутиб туриш мустаҳабдир. Озидан кейин қони тўхтаганга эмас. Илло, қон тўхтагандан кейин ғусл ва такбири таҳрима айтиш вақти ўтса, мустасно. Ўн кундан оз муддат ҳайз кўрган аёлнинг ҳайзи тўхташи билан унга яқинлик қилиш жоиз эмас. Балки ғусл қилгунича кутиб туриш лозим. Агар аёл дангасалик қилиб дарҳол ювинмай, ғусл, кийиниш ва намозга кириш такбирини айтиш вақтини ўтказиб юборса, унга яқинлик қилиш жоиз бўлади. Чунки, унинг зиммасига намоз тушиши билан пок бўлган ҳукмига ўтади.

29 Апрел 2022, 08:30 | Савол-жавоблар | 167 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar