Ҳадисда келган дуо

Ассалому алайкум! Устозлар, мен бир маърузада эшитдимки инсоннинг 360 та бўғини бўлиб, ҳар куни ана шу бўғинлар ҳаққига садақа вожиб бўлар экан. Шунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга бир дуони ўргаткан эканлар. Ким ана шу дуони эрталаб ва кечқурун 3 мартадан айтса, бўғимлари ҳаққини адо қилган бўларкан. Ўша дуони эслаб қололмадим. Илтимос, бу қандай дуо? Аллоҳ рози бўлсин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّهُ خُلِقَ كُلُّ إِنْسَانٍ مِنْ بَنِي آدَمَ عَلَى سِتِّينَ وَثَلَاثِ مِائَةِ مَفْصِلٍ، فَمَنْ كَبَّرَ اللهَ وَحَمِدَ اللهَ وَهَلَّلَ اللهَ وَسَبَّحَ اللهَ وَاسْتَغْفَرَ اللهَ، وَعَزَلَ حَجَرًا أَوْ شَوْكَةً عَظْمًا عَنْ طَرِيقِ النَّاسِ، وَأَمَرَ بِمَعْرُوفٍ أَوْ نَهَى عَنْ مُنْكَرٍ عَدَدَ تِلْكَ السِّتِّينَ وَالثَّلَاثِ مِائَةِ السُّلَامَى فَإِنَّهُ يَمْشِي يَوْمَئِذٍ وَقَدْ زَحْزَحَ نَفْسَهُ عَنِ النَّارِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, одам боласидан бўлган ҳар бир инсон уч юз олтмиш бўғин ила халқ қилингандир. Бас, ким Аллоҳга ўша уч юз олтмиш бўғин ададича ҳамд айтса, такбир айтса, таҳлил айтса, тасбеҳ айтса, истиғфор айтса ва одамларнинг йўлидан тошни, тиканни ёки суякни олиб ташласа ёхуд амри маъруф қилса ёки наҳйи мункар қилса, у ўша куни ўзини дўзахдан узоқлаштирган ҳолда юради», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Шарҳ: Баъзи уламоларимиз «Мазкур бўғинларнинг сони йилнинг кунлари сонига яқин бўлгани учун ушбу ҳадисдаги зикрларни йил бўйи айтиб юриш кўзда тутилган», дейдилар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 01:50 | Савол-жавоблар | 184 | Дуолар
|
Boshqa savol-javoblar